Европа кенгаши раиси Шарль Мишель мамлакатлар ўртасида сиёсий келишувга эришиш ҳаракати доирасида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан олтинчи марта учрашув ўтказди. Афсуски, мулоқот якуни бўйича қарор қабул қилинмади.

Мишель матбуот анжуманида Пашинян ва Алиев билан давом этаётган музокара давомида томонлар бир-бирининг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини тан олиши, Қорабоғдаги арманлар, гуманитар вазият, ҳарбий асирларни озод этиш, Лочин йўлагини очиш, ҳуқуқ ва хавфсизликни таъминлаш каби барча масалалар муҳокама қилинганини билдирди.

Шу билан бирга якунда ҳеч қандай қарор қабул қилинмагани ҳам маълум қилди.

“Ҳақиқий натижага эришиш келгуси қадамларга боғлиқ, зўравонлик ва кескин риторикага чек қўйиш керак”, – дея таъкидлади Мишель.

У навбатдаги йиғилиш ёз охирига қадар ташкил этилиши режаси борлигини айтиб ўтди.

Озарбайжон, Арманистон ва Европа кенгаши раҳбарларининг аввалги учрашуви 14 май куни Брюсселда бўлиб ўтган эди.

ЎзА