Ўзбекистон Фанлар академияси бугунги кунда илмий-тадқиқот муассасаларида олиб борилаётган асосий, амалий ва инновацион тадқиқотларга катта эътибор қаратмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон Фанлар академиясида Илм-фан тарғиботи маркази ташкил этилди. Марказнинг асосий вазифаси Ўзбекистонда илм-фанни кенг тарғиб этишдир.

Марказ таркибида “Фан ва турмуш” журнали ҳам мавжуд. Журнал ташкил этилганига бу йил 90 йил тўлди. Юртимиздаги энг ёши улуғ журналлардан бири саналади. Шу муносабат билан Фанлар академиясида тадбир бўлиб ўтди.

—Ҳозирги кунда “Фан ва турмуш” журналининг янгиланган шаклдаги нашри чоп этилди, — дейди “Фан ва турмуш” журнали бош муҳаррири ўринбосари Машарип Абдуллаев. — Журнал уч тилда – ўзбек, рус, инглиз тилларида нашр этиляпти. Таркибида 4 та асосий бўлим – “Рақамлар дунёни бошқаради”, “Табиат ва инсон”, “IT-технологиялар”, “Тарих, жамият, маданият” деб номланган бўлимлар бор. Журналнинг моддий-техник базаси жуда ҳам қийин аҳволга келиб қолган эди. 2023 йилдан бошлаб йилига 4 марта чоп этиладиган бўлди. Умумий тиражимиз 1000 та. Ўзбек тилида 600 та, инглиз тилида 200, рус тилида ҳам 200 та нашр этилмоқда. Бир йиллик обуна нархи 200 минг сўм.

Шунингдек, тадбир сўнгида маданият соҳасидаги халқаро лойиҳалар ва дастурларни тайёрлаш ҳамда амалга ошириш, жамоат ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, давлат ва нодавлат муассасалари ўртасидаги алоқаларни ривожлантириш ҳамда Ўзбекистон Республикасида фан ва маданият соҳасидаги ахборотларни тарқатишга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, ФА Илм-фан тарғиботи маркази ва Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти раҳбарлари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Н.Раҳмонова, ЎзА