Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг бакалавриат босқичи “Исломшунослик” ва “Диншунослик” таълим йўналишларига ҳужжат топширган абитуриентлар учун дастлабки имтиҳон жараёнлари ўтказилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон халқаро ислом академияси матбуот хизмати хабар қилди.

Имтиҳонлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 5 июндаги “Ўзбекистон халқаро ислом академиясига ўқишга қабул қилиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган низомга кўра, ёзма шаклда академия ҳудудида ташкил этилди.

Имтиҳонлар бошланишидан аввал Ўзбекистон Республикаси Президентининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори Музаффар Комилов сўзга чиқиб,  абитуриентларга муваффақият тилади.

Даставвал академия қабул комиссияси мутасаддилари томонидан имтиҳон ўтказиш тартиб-қоидалари ҳақида тушунча берилди. Тартибни бузган абитуриентларга нисбатан далолатнома тузилиб, ўша вақтнинг ўзида улар имтиҳондан четлаштирилиши ҳақида огоҳлантирилди.

Жараён адолатли ва шаффоф тарзда ўтказилиши мақсадида имтиҳонлар тўлиқ онлайн транслация қилинди. Абитуриентларнинг ота-оналари мазкур жараённи фаол кузатиб бориш имконига эга бўлдилар.

Имтиҳон низомига мувофиқ, абитуриентларнинг интеллектуал, маънавият ва маърифат асослари ҳамда хорижий тилларни (инглиз, француз ва немис) билиш даражалари синовдан ўтказилди.

Шу билан бирга, имтиҳон пайтида абитуриентларнинг ота-оналари ва яқинларининг кутиш вақтини мазмунли ўтказиш учун академия ҳудудида жойлашган муқаддас қадамжолар – Шайх Хованди Тоҳур, Тўлабек (Қалдирғочбек) ҳамда Юнусхон мақбараларига зиёрат ташкил этилди.

Мутасаддилар машҳур алломалар ҳақида батафсил маълумот бердилар. Шу ернинг ўзида алломалар хотираси ёд этилиб, Қуръон тиловат қилинди.

Уч кун икки сменада ўтказилган имтиҳон якунланди. Имтиҳон натижалари академиянинг расмий сайти ҳамда телеграм канали орқали эълон қилинади.

Н.Усмонова, ЎзА