Ўзбекистон адлия вазири ўринбосари Музраф Икромов Швейцариянинг Женева шаҳрида Евроосиё патент ташкилоти Евроосиё патент идораси президенти Григорий Ивлиев билан учрашди.

М.Икромов Ўзбекистонда ушбу соҳада олиб борилаётган ишлар, хусусан, шакллантирилаётган инновацион муҳит, ихтирочилар учун яратилаётган шарт-шароитлар ва берилаётган кенг имкониятлар ҳамда интеллектуал мулк объектларини рўйхатдан ўтказишни соддалаштириш учун қонунчиликка киритилган ўзгартишлар тўғрисида маълумот берди.

Г.Ивлиев Ўзбекистоннинг минтақадаги аҳамияти, инновацион потенциали ҳамда Евроосиё патент ташкилотига аъзо давлатларда олиб борилган ишлар аҳамияти ҳақида тўхталди.

Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё патент ташкилотига аъзо бўлиши республикамизнинг халқаро интеграциясига ёрдам бериши ҳамда аҳоли томонидан минтақа даражасида ихтирочилик учун патент олиш жараёнларини соддалаштириши таъкидланди.

Учрашув якунида ихтирочиларга кенг имкониятлар яратиш мақсадида ҳамкорлик меморандуми ишлаб чиқиш ҳамда Евроосиё патент ташкилотига аъзо бўлиш масаласи кўриб чиқилишига келишиб олинди.

 

Н.Абдураимова,

ЎзА