Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг 11 июль куни имзоланган “Республикада миллий аския ва қизиқчилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган.
Хусусан, марказ томонидан аския ва қизиқчилик ижрочилиги йўналишида “устоз-шогирд” анъаналарини ривожлантириш, истеъдодли ёшларни тарбиялаш, уларнинг ижодий салоҳиятини қўллаб-қувватлаш, маданият ва таълим муассасаларида аския ва қизиқчилик санъати тўгаракларини ташкил этиш чоралари кўрилади.
Шунингдек, ўзбек халқ оғзаки ижодининг аския ва қизиқчилик санъатини сақлаш ва тарғиб этиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилади. Бу борада ижодкорлар, фольклоршунос олимлар, ўқитувчи ва мутахассисларнинг ижодий ва илмий фаолияти қўллаб-қувватланади.
Аския ва қизиқчилик билан шуғулланувчи ижодкорларга ҳар томонлама кўмаклашиш, оммавий байрамлар ва маданий тадбирларда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш, мамлакатимизда ва хорижий давлатларда гастроль фаолиятини амалга ошириш, фестиваль, кўрик-танлов, ижодий кечалар, аския ва қизиқчилик томошаларини ташкил этиш ҳам марказнинг вазифалари сирасига киради.
Ҳужжатнинг яна бир муҳим жиҳатига тўхталамиз. Энди аския ва қизиқчилик санъатининг пайров, қофия, баҳри-байт, афсона, радиф, айтишув, раббия каби ноёб шаклларини асраш ва тарғиб этиш, саҳнавий сюжетларини ривожлантириш ҳамда истеъдодли сўз усталарининг ижод фондини ва махсус адабиётларни яратишга киришилади.
ЎзА