Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг @uza_uz телеграм канали орқали бўлиб ўтган овозли чатда Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги бош мутахассиси Жамшидбек Одилов абитуриентларнинг қабулга оид энг муҳим саволларига жавоб берди.

— Linguaskill халқаро сертификатининг онлайн олинган варианти бакалавр таълими учун рўйхатдан ўтмайди, яъни максимал балл берилмайди, деган маълумотлар бор. Ушбу сертификатни магистратура ҳамда докторантура учун қўллаш тартиби қандай? Шунга изоҳ бериб ўтсангиз? 

— Вазирлар Маҳкамасининг 395-сонли қарорига ўзгартириш киритилмади. Аммо яқинда давлат комиссиясининг баёни қабул қилинди. Давлат комиссиясининг баёни билан бакалавриат таълим йўналишларига қабулда айнан Linguaskill сертификатини инобатга олиш тартиби ўзгартирилди. Бакалавриат билан магистратуранинг қабул тартиби бутунлай бошқа нарса. Шунинг учун биз бакалавриатнинг қабулидаги тартиб бўйича изоҳ беришимиз мумкин.

Абитуриент Linguaskill халқаро сертификатига эга бўлиш учун рўйхатдан ўтишда қайси имтиҳон марказида синов топширишни ўзи танлайди. Ўзбекистонда 4 та имтиҳон маркази мавжуд. Ўзбекистонни танлайдиган бўлса, танлаган имтиҳон марказида махсус назорат остида имтиҳонда иштирок этиши мумкин. Барча давлатларда ҳам имтиҳон марказлари мавжуд эмас.

Абитуриент имтиҳон маркази мавжуд бўлмаган давлатни танлайдиган бўлса, онлайн имтиҳон топшириш имконияти берилади. Талабгор уйидан туриб онлайн имтиҳон топшириши мумкин. Давлат комиссиясининг баёни билан белгиландики, онлайн тарзда олинган сертификатлар инобатга олинмайди. Фақатгина имтиҳон марказларининг назорати остида олинган, шаффофлик таъминланган ҳолда олинган сертификатлар бакалавриатга қабул қилинади.

Магистратуранинг қабули агентлик томонидан эмас, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан амалга оширилади. Вазирлик томонидан мазкур сертификат бутунлай бекор қилинди. Чунки сертификатларни текшириш жуда ҳам қийин жараён. Халқаро ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик борлиги учун ҳозир бизнинг мутахассисларимиз бу сертификатларни текширяпти.

Н.Раҳмонова, А.Содиқов (видео), ЎзА