Миллий матбуот марказида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети томонидан 2023-2024 ўқув йили қабул параметрларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда қайд этилганидек, ҳозирги кунда университетда 1 минг 200 нафар педагог, жумладан, 55 нафар фан доктори ва 400 га яқин фан номзоди 25 мингдан ортиқ талаба-ёшларга таълим-тарбия бериб келмоқда. Университетда 13 та факультет ва 52 кафедра мавжуд. Педагогика ва психология факультетида ҳозирги кунда амалий психология ҳамда педагогика таълим йўналишлари мавжуд. Махсус педагогика ва инклюзив таълим факультетида 3 та таълим йўналиши – сурдопедагогика, олигофренопедагогика ҳамда логопедия йўналиши бор.
Университетнинг мактабгача таълим факультетида ҳозирги кунда 50 га яқин профессор-ўқитувчи 800 дан зиёд талабага таълим бериб келмоқда. Шунингдек, тиллар факультети, мусиқий таълим, физика-математика, профессионал таълим факультети, ҳарбий таълим, тарих, табиий фанлар, бошланғич таълим, хорижий тиллар факультетлари фаолият юритмоқда.
– Университетимиз республикамизда энг етакчи олийгоҳлардан бири ҳисобланади, – деди университет ректори Абдуғаффор Қирғизбоев. –Даргоҳимиз ташкил этилганига икки йилдан сўнг 90 йил бўлади. Ўтган вақт ичида мамлакатимиз умумтаълим мактаблари учун 100 минглаб ўқитувчи кадрларни етказиб бердик. Университетимизда ишлаётган ўқитувчиларнинг 50 фоиздан ортиғи ё фан доктори ёки фан номзоди даражасига эга. Бу ҳам даргоҳимиздаги таълим сифатига юқори даражада таъсир кўрсатади. Олдимизга қўйган асосий масалалардан бири умумтаълим мактабларига барча фан ўқитувчиларини олий даражада тайёрлаб бериш.
Шунингдек, мактабгача таълим ташкилотига ҳам биз малакали кадрлар тайёрлаб берамиз. Университетимизнинг кундузги, сиртқи, кечки ва магистратура таълим йўналишларида 3 минг 62 нафар талаба қабул қилиниши режалаштирилган. Қабул режалари йилдан-йилга ортиб боряпти. Ўқиш йўналишларимиз ўзбек, рус ва қозоқ тилларида олиб борилади.
Университетимиздаги Табиий фанлар факультетига 2021 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб бугунги кунга қадар республика олий таълим муассасаларининг моддий-техник таъминотини яхшилашга йўналтирилган лойиҳа асосида Ислом тараққиёт банки томонидан 2 миллиард сўмдан ортиқ маблағ жалб қилинди. Қозоғистон, Россия, Туркия ва бошқа давлатлардаги фирмалар билан ҳамкорликда моддий-техник жиҳозлар олиб келинди ва факультетнинг янги биносига ўрнатилди.
Гулноза Бобоева, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА