Қорақалпоғистон Республикаси Элликқалъа тумани “Гулистон” овул фуқаролар йиғини “Алижон” фермер хўжалигида ғўзани суғориш ва ягоналашни тўғри, сифатли амалга оширишга бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Туман ҳокимлиги, қишлоқ хўжалиги бўлими, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши, пахтачилик кластерлари, тегишли ташкилотлар ҳамда пахта ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокидаги тадбирда июль ойида бажариладиган юмушлар ҳосил чўғининг юқори ва сифатли бўлиши ҳақида сўз борди.
Ғўзанинг ягоналаш усули ўта муҳим агротехник тадбир ҳисобланади. Мазкур тадбир ўз муддатида ва сифатли амалга оширилганда, ҳосил тўкилишининг олди олиниши, тўлиқ кўсакларнинг кўпроқ шаклланиши ва эрта пишиб етилиши, ҳосилдорликнинг гектарига 3-4 центнерга ортиши ва тола сифатининг юқори бўлиши илмий тадқиқотларда ва илғор пахтакорларнинг амалий тажрибаларида исботланган.
Тадбирда тумандаги 296 фермер хўжалигидаги жами 9537 гектар майдондаги ғўзани суғориш ва ягонани тўғри, сифатли амалга ошириш юзасидан тегишли тавсиялар, масъул соҳа раҳбарларига бу борада муҳим топшириқлар берилди. Ғўзанинг вегетатив массаси қанча катта бўлса, ўсимликка тупроқдан оқиб келаётган озуқа моддалари кўпроқ ўсув шохлари ва баргларда тўпланади, шоналар, гуллар ва кўсакларга камроқ етиб келади. Бу эса ҳосил элементларининг тўкилишига, кўсакларнинг тўлиқ етилмаслигига, уларнинг очилиши кечикишига, ҳосилнинг камайишига ва тола сифатининг пасайишига олиб келади. Ғўзанинг ғовлаб кетишига йўл қўймаслик, озуқа моддаларни ўсимликнинг генератив органларига оқиб келинишини жадаллаштириш, кўсаклар пайдо бўлиши ва уларнинг етилиш жараёнларини тезлаштириш, мўл ва сифатли пахта ҳосилини етиштириш учун, албатта, қайд этилган ишларни ўтказиш мақсадга мувофиқдир.
Семинар якунида “Ёшлар дафтари” рўйхатидаги ёшларга мото-культиваторлар топширилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА мухбири