Бахмал кенгликларида кўпкарига тайёргарлик бўляпти. Маҳаллий эгарчи қўшни давлатлардан келган номдор чавандозлар даврасида. Кимдир ҳунарманднинг меҳнатини кўкка кўтариб мақтайди, яна кимдир янги буюртма қилади.
Шунга ўхшаш яна бошқа бир манзара. Пойтахтимиздаги Чорсу бозори. Миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари сотиладиган каттагина дўкон. Чуст пичоғи ва Бухоро зардўзлари тайёрлаган шоҳона бош кийимни харид қилаётган сайёҳ ҳайратини яширмайди. Бошқа бир меҳмон маҳсулотларни эринмай томоша қилади. Туйқус – анчадан буён қидириб юрганини топгандай Марғилон атласига қўл узатади. Ана, сал ёши каттароғи эса Қўқон ёғоч ўймакорлари ясаган шахмат тахтасини қўлига олди.
Бу каби жараёнларга кўзимиз ўрганган, одатий манзара сифатида қабул қиламиз. Аслида бу қалбга ғурур бағишловчи ҳолат. Ҳунармандчилик – тарихдан сўзлайди, ота-боболаримизнинг заковати, қарашлари, яшаш тарзи ҳақида хабар бериб туради. Уни авлоддан-авлодга ўтказиш, ривожлантириш катта масъулият ва мажбурият.
Миллий ҳунармандчиликка эътибор, у билан шуғулланувчиларни рағбатлантириш аҳоли бандлигини таъминлашда ўзига хос йўналиш саналади. Шу билан бирга, туризм имкониятларини оширишда ҳам ҳунармандчиликнинг ўрни катта.
Шу жиҳатни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 12 июнда қабул қилинган “Аҳолини ҳунармандчиликка жалб қилиш ва ҳунармандчилик фаолиятини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳа ривожини янги босқичга олиб чиқишда муҳим ҳужжат бўлди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳудудларга ташриф буюрса, ўша заминнинг уста-ҳунармандлари билан учрашади. Бу яхши анъанага айланган. Учрашувларда ҳамиша ҳунармандлар билан дилдан суҳбат бўлган, уларнинг таклифлари тингланган. Якунда ўша манзилга мос катта янгиликка қўл урилган.
Янги фармонни ўша фикрлашишлар натижаси, таклифлар умумлашмаси, янги имконият эшиклари калити дейиш мумкин. Зеро, ҳужжатда ҳунармандчиликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш масаласига алоҳида тўхталиб ўтилган. Шунингдек, ҳунармандларни солиққа тортиш тизимини такомиллаштириш, уларни зарур хомашё ва молиявий ресурслар билан узлуксиз таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланган. Бундан ташқари, ҳунармандчилик маҳсулотларини реализация қилиш учун инфратузилма яратиш, бозорларни кенгайтириш ва аҳолини ҳунармандчиликка кенг жалб этиш мақсади кўрсатилган.
– Фармонда ҳудудларда ҳунармандчилик фаолиятининг ҳар бир йўналишини алоҳида ёндашувлар асосида ривожлантириш, айниқса, ҳунармандчиликнинг йўқолиб кетаётган турларини сақлаб қолиш вазифаси қўйилган, – дейди “Ҳунарманд” уюшмаси Фарғона вилояти бошқармаси бошлиғи Расулжон Мирзаҳмедов. – Бу соҳамиз эртаси учун жуда катта ҳаракат. 2023 йил 1 июндан 2025 йил 1 январга қадар “Халқ амалий санъати усталарининг миллий каталоги” ва “Туризм соҳасида фаолият юритаётган ҳунармандлар реестри”га киритилган ҳунармандларга солиқ йўналишида енгилликлар берилди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, календарь йил давомида ҳунармандчилик маҳсулотларини реализация қилишдан тушган тушумнинг 100 миллион сўмдан ошган, бироқ 1 миллиард сўмдан кўп бўлмаган миқдори бўйича айланмадан олинадиган солиқ ставкаси 50 фоизга камайтирилди. Шунингдек, товар белгиларини миллий рўйхатдан ўтказиш бепул амалга ошириладиган бўлди. Фарғонада 4 минг 500 нафардан ортиқ ҳунарманд рўйхатдан ўтган. Йигирмата Ҳунармандлар маркази фаолият кўрсатмоқда. Хонадонларда «устоз-шогирд» анъаналарини давом эттираётганлар жуда кўп. Бу рақамлар ҳақида гапирар эканман, янги фармон қанчадан-қанча кўнгилларга қувонч олиб келганини тасаввур қилиш қийин эмас.
Жорий йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида касаначилик ва ҳунармандчиликни ривожлантиришга ажратилаётган маблағларнинг камида 70 фоизи ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни молиялаштиришга йўналтириладиган бўлди.
Касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси Ҳунармандчилик ва касаначиликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси этиб қайта номланди. Энди ҳунармандчиликни молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари ушбу жамғарма маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ва Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш жамғармасидан ҳунармандчилик фаолиятини қўллаб-қувватлашга ажратиладиган субсидиялар учун кўзда тутилган маблағлар янги жамғармага йўналтирилади.
Ўзбекистон Республикаси “Ҳунарманд” уюшмасининг аъзолари сони 29 минг атрофида. Уларнинг 800 нафарга яқини ногиронлиги бўлган ҳунармандлар.
Мамлакатимизда касаначилик асосида уй шароитида ишлаётган ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш жойини мослаштириш учун ҳар бир мослаштирилаётган иш жойи бўйича субсидия ажратиш тартиби мавжуд. Энди бу ҳунармандчилик билан шуғулланаётган ногиронлиги бўлган шахсларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.
– Ҳунаримиз ортидан кам бўлаётганимиз йўқ, – дейди ҳунарманд Жасур Жумаев. – Ногиронлиги бўлган, уй шароитида ишлаётган ҳунармандларга субсидиялар ажратиладиган бўлди. Кўп давлатларга танловлар, фестиваллар сабаб борганман. Энди ўшандай тадбирларга менга кўмаклашиш учун борадиган ёрдамчи – ҳамроҳимга ҳам давлат томонидан маблағ ажратиш имкониятлари яратилибди. Бу фармон шахсан мен учун икки ҳисса хурсандчилик бўлди, дея оламан. Келгусида бу имкониятлардан фойдаланиб ускуналарни янгилаймиз. Ишхонани кенгайтириш ниятлари туғиляпти.
Юқорида фармонда ҳунармандларнинг маҳсулот ва хизматлари экспортини қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилгани ҳақида сўз юритган эдик. Энди ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт қилишда халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари сифатида жўнатиш харажатларининг 50 фоизи, бироқ маҳсулот экспорт қийматининг 50 фоизидан ортиқ бўлмаган қисми Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан қоплаб берилади.
Келгусида Тошкент шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” боғига туташ ҳудудда Ҳунармандлар маскани барпо этилиши кўзда тутилмоқда. Маскан ўз ичига намойиш зали, “Уста-шогирд” мактаби ва устахона каби объектларни олади.
Бугун юртимизга келаётган сайёҳлар миллий ҳунармандчилик устахона ва дўконлари, Ҳунармандлар марказлари фаолияти билан танишишни ёқтиради. Ундай жойларда тайёрланган маҳсулотларни харид қилади. Юксак технологиялар даврида сайёҳлар оқими мана шундай оддий, самимий жойларга ортиб бораверади.
Икром АВВАЛБОЕВ, ЎзА мухбири