Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси муассислигида “Шарқ юлдузи” журналининг навбатдаги янги сони нашрдан чиқди.

Журнал Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфининг “Мен сенга етдим…” номли шеърий туркуми билан бошланади. Атоқли шоирнинг инсон умри, ёшликнинг ғаниматлигини эслатиб турувчи:

Видо табассумли олам, ёшлигим,

                                           Кўзларимда қотган жолам, ёшлигим,

                                           Кўкларга етмаган нолам, ёшлигим,

                                           Сувга чўкиб кетган болам, ёшлигим,

                                           Видо табассумли олам, ёшлигим… 

сатрлари ўқувчи қалбига “огоҳлик қўнғироғи” чалиб туради…

Ёш ёзувчи Холиёр Сафаровнинг “Энг қайғули қувонч” номли қиссаси билан танишиб, давомини журналнинг кейинги сонида ўқишни кўнгилга тугиб қўясиз.

Таниқли шоир Ўткир Раҳматнинг “Юрак ҳайқириғи”, Ҳумоюннинг “Саболарда учди мисли шар”, Ҳабиб Абдуназарнинг “Кўнгил жавҳарига тўкилган сиймо”, Икром Искандарнинг “Хаёлимда сен бир ҳилол”, Шермурод Субҳоннинг “Бир сўз бўлиб ўртар дилни дард” номли шеърий туркумлари орқали сўз сеҳри, шеър завқидан баҳраманд бўласиз.

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Фарҳод Мусажоновнинг “Ибрат”, Шодиқул Ҳамронинг “Уйига қайтаётган одам”, Жасур Исҳоқовнинг “Муҳаббатнинг кузги ўргимчак тўри” ҳикояларидаги дард, оғриқларни қалбингизда ҳис этиб турасиз.

Тўлқин Муҳиддиннинг “Саид Аҳмад ва Саида” драмасида парча, шунингдек, академик Наим Каримов, Санобар Тўлаганова, Икром Отамурод, Қодиржон Носиров,  Олим Олтинбекнинг адабий-бадиий, танқидий-таҳлилий мақолалари ҳам, ҳеч шубҳасиз, кўнглингиздан жой олади.

ЎзА