Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Адлия вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Севара Ўринбоева иштирокида брифинг ўтказилди. Унда давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Қайд этилишича, 2022 йил давомида 12 миллионга яқин давлат хизматлари кўрсатилган бўлса, 2023 йилнинг 1 ярмида жами 6 миллион 432 минг 790 та давлат хизматлари кўрсатилди.
Маълумот учун, 2018 йил 1 январда фаолият бошлаган пайтда ДХМлар томонидан дастлаб 37 турдаги давлат хизматлари фақат тадбиркорлик субъектларига кўрсатилган бўлса, бугунги кунга келиб фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига 280 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Ҳар куни ўртача 70-75 минг фуқароларимиз Давлат хизматлари марказларига ташриф буюрмоқда.
2023 йилнинг 1 ярмида 24 та янги давлат хизмати ишга туширилди. Шулардан 12 таси Давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари порталида, қолган 12 таси «Лицензия» ахборот тизимида.
Шу билан бирга, жорий йилнинг ўтган даврида Андижон вилоятининг Жалақудуқ, Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус ҳамда Қашқадарёнинг Кўкдала туманларида замонавий ДХМ бинолари фойдаланишга топширилди.
Бундан ташқари фуқароларимизга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида туман (шаҳар) марказларидан 50-100 км. узоқ тоғли ҳудудларда 138 та филиаллар фаолияти йўлга қўйилган. Адлия вазирлиги томонидан давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида ваколатли органлар томонидан йўл қўйилган бир қатор қонунбузилишлар аниқланган.
Хусусан, жорий йилнинг 6 ойи давомида давлат хизматлари кўрсатувчи ваколатли органлар томонидан 64 минг 853 та қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳолатлари аниқланди. Шундан 46 минг 78 таси муддат бузилиш, 7 минг 660 таси ортиқча ҳужжат талаб қилиш, 1 минг 188 таси тўғридан-тўғри давлат хизматларини кўрсатиш, 4 минг 657 таси асоссиз рад этиш, 20 таси ваколатли идоранинг қонуний талабини бажармаслик, 5 минг 250 таси бошқа қонунбузилиши ҳолатларини ташкил қилади.
Шундан соғлиқни сақлаш идораларида 8 минг 966 тадан, кадастр ташкилотларида 8 минг 728 тадан, қурилиш ва архитектура идораларида 6 минг 291 тадан, “Ўзсувтаъминоти” АЖда 5 минг 308 тадан, “Ҳудудгазтаъминот” АЖда 4 минг 776 тадан ортиқ қонун ҳужжатларининг бузилиши ҳолатлари аниқланди.
Текшириш ва ўрганиш натижалари бўйича 4 минг 266 та таъсир чораси қўлланилди. Жумладан, ваколатли идораларга 209 та тақдимнома, 1 минг 365 та огоҳнома киритилиб, 386 нафар масабдор шахслар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. 2 минг 305 нафар масъул шахсга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди. Киритилган тақдимномалар натижасида тегишли ташкилотларнинг 264 нафар ходимига нисбатан интизомий, 2 минг 305 нафар масъул шахсларга нисбатан маъмурий жарима жазо чораси қўлланилди.
Гулноза Бобоева, ЎзА