Шимолий Атлантика альянси кенгайиш учун баҳона изламаслиги керак. Бу ҳақда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Ван Вэньбин маълум қилди.

“Биз НАТОни ҳақиқатни бузиб, Хитойга туҳмат қилиш, ёлғон, уйдирма тўқишни зудлик билан тўхтатишга, ўз экспанцияси учун баҳона изламаслик, аксинча, глобал тинчлик ва барқарорликка эришиш йўлида конструктив роль ўйнашга чақирамиз”, деди у.

Мулозимнинг сўзларига кўра, НАТОнинг Вильнюсдаги саммити якуний баёноти “қорани оқ, деб атади, бу ҳужжат “совуқ уруш менталитети ва мафкуравий хурофот”га тўла.

– Хитой бунга қарши, – деди дипломат. – НАТО ўзини минтақавий иттифоқ, деб билади, лекин жуғрофий нуқтаи назардан кенгайишда давом этмоқда, Осиё-Тинч океани минтақасига экспанцияни тезлаштирмоқда. НАТО ўзини доим мудофаа альянси, дея таништиради, аммо аъзо давлатлар ҳарбий харажатини мунтазам ошириш, ўз ваколатини кенгайтиришга уринади. Альянс тегишли қоидага асосланган халқаро тартибни ҳимоя қилишга даъво қилади, лекин халқаро муносабат ҳуқуқи ва асосий меъёрини эътиборсиз қолдиради, бошқа мамлакатлар ички ишига аралашади, кўплаб уруш-зиддиятларга аралашиб қолади.

Шимолий Атлантика альянсининг 11 июль куни Вильнюсда қабул қилинган якуний баёнотида Хитойга кенг ўрин берилган. Ҳужжатда қайд этилишича, НАТО мамлакатлари ХХР ядро арсеналини кўпайтиришидан хавотирда.

Уларнинг фикрича, ядровий қурол назорати соҳасида Пекин олиб бораётган саъй-ҳаракат етарли даражада эмас.

Баёнотда, шунингдек, Хитой ва Россия стратегик шериклиги чуқурлашиши НАТО қадриятлари ва манфаатига зид экани ҳам таъкидланган.

ЎзА