Россия БМТ Хавфсизлик кенгашида Сурияга Туркия ҳудуди орқали гуманитар ёрдам етказиб бериш механизми фаолиятини яна тўққиз ой узайтиришни кўзда тутувчи Швейцария ва Бразилия таклиф қилган резолюция лойиҳасига вето қўйди, деб ёзмоқда “РИА Новости”.
Овоз беришда Хитой бетараф қолган.
Туркия – Сурия чегарасида жойлашган “Баб-ал-Хава” чегара пунктидан ўтувчи ёрдам юкини Сурияга етказиш муддати 10 июлда тугади. Резолюция лойиҳасида Хавфсизлик кенгаши гуманитар кўмакни яна 9 ой, яъни 2024 йил 10 апрелгача узайтиришга қарор қилган эди.
Россия Кенгашга ўзи тайёрлаган резолюция лойиҳасини тақдим этган. Ҳужжатда ушбу чегара ўтиш маскани фаолиятини 6 ойга узайтириш таклиф этилган. 2014 йил йўлга қўйилган, қўшни давлатлар, биринчи навбатда Туркия орқали Сурияга гуманитар ва тиббий юк юборишнинг соддалаштирилган тартиби ҳар йили узайтириб келинарди. Лойиҳа доирасида БМТ гуманитар муассасалари ва ҳамкорлари “Баб-ас-Салом” ва “Баб-ал-Хава” (Сурия – Туркия), “Ал-Ярубия” (Ироқ), “Ал-Рамта” (Иордания) чегара масканларидан Сурияга ёрдам юки ўтказиб келинган.
Сурия армияси мамлакатнинг аксарият ҳудудини назоратга олгандан кейин, Дамашқ ва Москва чегара ўтиш масканлари фаолиятини тўхтатишга ҳаракат қилмоқда, дейилади хабарда.