Кунлар исигани сайин сув ҳавзаларида чўмилишга бўлган эҳтиёж ошади. Бундай пайтларда ёшларни, айниқса, сузиш ҳавзаларида учратамиз. Аммо чўмилиш борасида доимо чўкиш билан боғлиқ мудҳиш ҳолатларни унутмаслик керак. Шу сабаб ёш болалар чўмилишидан олдин пляжни тайёрлаш зарур.
Хусусан, чўмилишдан олдин пляж акваторияси тубини текшириш, гуруҳ чўмилиши учун ажратилган участка чегарасининг қирғоғи четларини рангли қирғоқ байроқчалари ёки яхлит тўсиқ (фаль) билан белгилаш лозим. Чўмилиш учун ажратилган участка акваторияси чегарасининг бутун периметрини ишора қозиқлари, сувда қалқиб турувчи тўсиқлар билан белгилаш ҳам самаралидир.
Шунингдек, тахтачаларга қутқарув воситаларини илиб қўйиш, болаларнинг ҳар бир гуруҳига хавфсизлик чоралари бўйича йўл-йўриқлар бериш, қутқарувчи пляж акваторияси ташқарасига қайиқда чиқиши ва ундан 2-3 метр масофада туриши лозим. Чўмилиш пайтида ҳар 10 киши ҳисобига бир нафар қутқарувчи сувда чўмилаётган болаларнинг ёнида туриши керак.
Болалар ёки биринчи маротаба сувга тушган катта ёшдагиларни сузишга ўргатиш жойи 60-90 сантиметргача чуқурликда бўлиши керак. Бундай чуқурликда одам сувдан чўчимайди, чунки оёғи таянч нуқтага эга бўлади.
Очиқ сув ҳавзаларида сузишга ўрганишда, албатта, сувнинг чуқурлиги билан бирга, оқим тезлигини ҳам эътиборга олиш лозим. Иложи борича, фақат қутқарув хизмати бўлган жойлардагина чўмилишга рухсат этилади. Шунда бахтсиз ҳодиса юз берса, яъни бирор бир одам чўкса, қутқарув хизмати тезда ёрдамга келади. Чўмилиш жойини чеклайдиган, кўпириб оқаётган сувга шўнғиш мумкин эмас.
Чўкаётган одамни сувдан олиб чиқиш ҳам катта маҳорат талаб этади. Бунда бир неча қутқариш усуллари мавжуд. Улардан бири – чўкаётган кишига орқа томонидан сузиб яқинлашиш, сочи ва қўлтиғидан ушлаб, юзини тепага қаратиб, қутқарувчини ушлаб олишга йўл қўймаган ҳолда қирғоққа қараб сузиш керак.
Сувда сузиш қоидаларини билиш ёз фаслининг янада мароқли ва фойдали ўтишини таъминлайди.
Гулноза Бобоева, ЎзА