Таэквондо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари “Turkish Open-2023” турнирини умумий ҳисобда 8 та медаль билан якунлади.

Туркиянинг Анқара шаҳрида таэквондо WТ бўйича ўнинчи бор ўтказилган мазкур халқаро турнирда Ўзбекистон терма жамоаси 5 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритди.

Муросасиз кечган беллашувлар давомида терма жамоамиз аъзоларидан Никита Рафалович, Жасур Жайсунов, Мадинабону Маннопова, Нажмиддин Қосимхўжаев ва Омонжон Отажонов «Париж-2024» Олимпия ўйинларининг муҳим рейтинг очколарига эга бўлди.

Мусобақада ғолиб ва совриндорликка эришган ёш таэквондочиларимиз Лайло Ҳасанова, Ислом Акчурин, Азизбек Сатторов Анқарада ўтган жанглар орқали халқаро тажрибасини оширишга муваффақ бўлди.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ташкил этилган “Turkish Open” турнирида мамлакатимиз таэквондочилари 2 та кумуш ҳамда 1 та бронза медалига сазовор бўлганди.

Т.Рўзиев,  

ЎзА