“Янги Ўзбекистон: минтақаларни боғловчи кўприк” халқаро конференцияси бошланди

Айни пайт пойтахтимиздаги “Ивент-холл” мажмуасида “Шериклик ташаббуслари ҳафталиги” доирасида “Янги Ўзбекистон: минтақаларни боғловчи кўприк” халқаро конференцияси бўлиб ўтмоқда.

Тадбирнинг биринчи қисмида “Йирик транспорт инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш тажрибалари – иқтисод ўсишининг асосий тамойили” мавзусида панель сессия ташкил этилди.

Йиғилишда Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғиз Республикаси, Латвия давлатлари транспорт вазирликлари раҳбарлари, шунингдек, ЕТТБ, Жаҳон банки, USAID, UBC бизнес-клублари ассоциацияси, “ATR” компаниясининг Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари бўйича вакиллари иштирок этмоқда.

Дастурга мувофиқ хорижлик мутахассислар ҳар бир мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланишида ҳал қилувчи ўринни  эгаллаган транспорт соҳасида йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш тажрибасига тўхталиб ўтяпти.

Шунингдек, халқаро юк ташувлари ва логистикани ривожлантириш орқали давлатлар ва минтақалар ўртасида халқаро савдони кенгайтириш, барқарор иқтисодий ўсиш ва фаровонликни таъминлашда биргаликдаги саъй-ҳаракат аҳамияти юзасидан фикр алмашилди.

Хусусан, Тожикистон транспорт вазири Азим Иброҳим бугун Марказий Осиё давлатлари ўртасида дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли алоқани ривожлантириш ва мустаҳкамлаш ҳар бир давлат ташқи сиёсатининг асосий устувор йўналишига айланганини, ушбу жараёнда транспорт коммуникацияларини ривожлантириш масаласига алоҳида аҳамият қаратилаётганини таъкидлади.

У 2022 йил 20 июндан бошлаб 1990 йиллар бошида тўхтатиб қўйилган Душанбе – Тошкент йўналиши бўйича йўловчи поездлари ҳаракати қайта тикланганини алоҳида қайд этди.

Таъкидлаш жоизки, тадбир давомида ўзаро боғлиқликни барча транспорт соҳаларда ривожлантириш юзасидан долзарб таклифлар илгари сурилди. Мазкур йўналишда янги транспорт коридорларини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган лойиҳалар алоҳида эътироф этилди.

Шунингдек, сессияда Қирғиз Республикаси транспорт ва коммуникациялар вазири Тилек Текебаев, Латвия Республикаси транспорт вазирлиги Давлат котиби ўринбосари Улдис Рейманис ҳам нутқ сўзлайди.

Батафсил маълумотни ЎзАда ўқиб боришингиз мумкин.

 

Беҳруз Худойбердиев,

ЎзА