Ҳурматли раис!
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммитида барча иштирокчиларни самимий қутлашдан мамнунман.
Ҳиндистон Республикаси Бош вазири жаноб Нарендра Модига бугунги учрашувимизни ташкил этгани учун билдирилган барча миннатдорлик сўзларига қўшиламан. Ҳиндистоннинг ШҲТга биринчи раислиги муваффақиятли бўлганини қайд этамиз.
Самарқанд саммитида эришилган келишувларга мувофиқ кўп қиррали ҳамкорлигимиз жадал ривожланиб бораётганини мамнуният билан таъкидлаб ўтмоқчиман. Биз ташкилотимизни янада кенгайтириш ва ислоҳ қилиш бўйича қабул қилинган қарорларни амалга оширишни бошладик.
Фурсатдан фойдаланиб, Эрон Ислом Республикасининг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига кириши билан боғлиқ барча тартиб-таомил жараёнлари якунига етгани ва ушбу давлатнинг ташкилотга аъзо бўлгани билан Эрон Президенти Иброҳим Раисийга билдирилган табрикларга қўшиламан.
Ўзбекистон, шунингдек, ШҲТга аъзо давлат мақомини олиш мақсадида Беларусь Республикасининг мажбуриятлари тўғрисида қабул қилинаётган қарорни ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлайди.
Ҳурматли мажлис иштирокчилари!
Барчамиз халқаро муносабатлар тизимида давом этаётган туб ўзгаришларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.
Афсуски, геосиёсий кескинлик ва можароларнинг кучайиши кузатилмоқда, глобал хавфсизлик ва барқарор ривожланишга нисбатан янги таҳдид ва хавф-хатарлар пайдо бўлмоқда, экология, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлиги соҳаларида таҳдидлар авж олмоқда. Шу муносабат билан конструктив ва ишончли мулоқотни йўлга қўйиш ўткир заруратга айланиб бораётгани ўз-ўзидан аёндир.
Ўзбекистон баҳс ва можароларни ҳал этиш, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича мақбул ечимларни излаш ва қарорларни қабул қилишда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти марказий ўрин эгаллаши керак, деган принципиал позицияга риоя қилади.
Таъкидлаш жоизки, ўзаро мулоқот ва ишонч борасидаги чора-тадбирларни мустаҳкамлаш мақсадида ўтган йили умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлидаги бирдамлик бўйича Самарқанд ташаббусини илгари сурган эдик.
Глобал миқёсда кун тартибида турган энг долзарб муаммоларни муҳокама қилиш, уларнинг бепоён минтақамизга таъсирини баҳолаш ва ўзаро ҳамкорликда таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида биз БМТ, бошқа нуфузли халқаро шериклар билан биргаликда мазкур Ташаббуснинг доимий платформасини йўлга қўйишни режалаштирмоқдамиз.
Қадрли ҳамкасблар!
ШҲТ доирасидаги кўп томонлама ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш йўлидан борар эканмиз, бугун биз ташкилотимизнинг муваффақияти унинг асосий тамойилларига қатъий риоя этиш асосида таъминланишини яхши тушунамиз. Булар – ташкилотнинг блокдан ташқари мақоми, очиқликка қатъий содиқлик, тенг ҳуқуқлилик ва қарорларни консенсус асосида қабул қилиш тамойилларидир.
Энг муҳими, бизнинг ҳамкорлигимиз турли манфаатлар, ёндашувлар, қарашлар ва ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги маданий тафовутларни ўзаро ҳурмат қилиш ва конструктив идрок этишга асосланади.
ШҲТни ривожлантиришнинг ҳозирги босқичида биз унинг минтақавий кун тартибидаги энг долзарб масалаларни ҳал қилишда самарали халқаро тузилма сифатидаги етакчилик ролини сақлаб қолиш ва кучайтириш жуда муҳим, деб ҳисоблаймиз.
Шу муносабат билан ташкилот доирасида қабул қилинган келишув ва қарорларни инвентаризация қилиш, ҳамкорлик институт ва механизмлари фаолиятини аудитдан ўтказиш, ташкилотимизни модернизация қилиш бўйича келишувларнинг амалга оширилишини жадаллаштиришни мақсадга мувофиқ, деб биламиз.
Миллий таҳлил марказларини бирлаштирган Экспертлар форуми доирасида ШҲТ истиқболлари бўйича қўшма тадқиқот лойиҳасини амалга оширишни ҳам таклиф этамиз.
Бундай ишлар натижаларини навбатдаги саммитимиз давомида кўриб чиқишимиз мумкин.
Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!
Бугунги учрашувимиз кун тартибидан келиб чиқиб, ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича аниқ таклифларимизни қайд этиб ўтмоқчиман.
Биринчи. Биз “Шанхай руҳи”га мувофиқ, ташкилот доирасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва англашувни мустаҳкамлашни ҳал қилувчи вазифа деб биламиз.
Биз ШҲТнинг яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодексини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурмоқдамиз. Ушбу ҳужжатнинг қабул қилиниши янги шароитларда устувор вазифаларни белгилаб олиш, кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича умумий ёндашувлар ва комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконини беради.
Иккинчи. ШҲТ минтақаси – бу улкан иқтисодий имкониятлар майдони, ташкилотимизга аъзо барча мамлакатлар узоқ муддат давомида барқарор ривожланиши учун платформа ва ресурс базасидир.
Харид қобилияти паритети бўйича жаҳон ялпи маҳсулотининг учдан бир қисми, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг қарийб 27 фоизи ва жаҳондаги савдо ҳажмининг 20 фоизи ШҲТ улушига тўғри келади.
Ташкилотимизга аъзо давлатлар саноат ва инновацион тараққиёт кўрсаткичлари бўйича етакчилик қилади, улкан интеллектуал салоҳиятга, энергетика ва аграр соҳада бой ресурсларга эга.
Шу муносабат билан бугунги кунда ички, яъни, минтақавий савдо ва саноат-технологик кооперацияни ривожлантириш учун умумий маконни шакллантириш бўйича ташаббусни илгари суриш ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир.
Ҳукуматларимиз ва мутасадди идораларимизга ШҲТнинг инновацион тараққиёт, рақамлаштириш ва роботлаштириш, сунъий интеллект, биотехнология, фармацевтика ва саноатнинг бошқа истиқболли тармоқларини қамраб олувчи Янги иқтисодий мулоқот дастурини қабул қилиш масаласини кўриб чиқиш бўйича топшириқ беришни таклиф қиламан.
Бундай лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Ўзбекистонда ШҲТга аъзо давлатлар минтақаларининг инновацион шериклиги ҳафталигини, юқори технологияларнинг қўшма кўргазмаси билан биргаликда ўтказиш ниятидамиз.
Учинчи. ШҲТ маконида транспорт-коммуникациявий боғлиқликни кучайтириш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилиш муҳимдир.
Ҳозирги вақтда биз Шимол–Жануб ва Шарқ–Ғарб магистрал йўлларини ривожлантириш бўйича бир қатор стратегик лойиҳаларни фаол илгари сурмоқдамиз. Шу борада Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўлини қуриш лойиҳаси бўйича амалий ишлар бошланганини айтиб ўтмоқчимиз. Биз ушбу йўналиш бўйлаб, шунингдек, Афғонистон орқали Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ бозорларига олиб чиқадиган Эрон ва Покистон портлари томон мультимодал ташувларни ривожлантирмоқдамиз.
Таҳлилчиларнинг маълумотига кўра, ушбу лойиҳаларни амалга ошириш юк ташиш ҳажмини бир неча баробар ошириш, шунингдек, транспорт харажатларини учдан бир қисмга камайтириш имконини беради.
ШҲТ давлатларининг транспорт соҳасидаги ўзаро боғлиқлигига доир ягона харитани ишлаб чиқишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Бу мавжуд “тўсиқлар” ва “бўшлиқлар”ни аниқлаш, умумий, ўзаро интеграциялашган транспорт-транзит тизимини шакллантириш учун устувор чора-тадбирлар ва лойиҳаларни белгилаб олиш имконини беради.
Ушбу масалаларни мамлакатларимиз транспорт вазирларининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилишида йирик транспорт-логистика компаниялари, операторлар ва экспедиторлар, таҳлилчи ва ушбу соҳа мутахассисларини кенг жалб этган ҳолда батафсил кўриб чиқишни таклиф этамиз.
Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Ўзбекистонда Минтақалараро ўзаро боғлиқлик марказини ташкил этиш бўйича ташаббусимизни ҳам ҳамкорларимиз қўллаб-қувватлашига умид қиламиз.
Тўртинчи. “Яшил” кун тартибига оид масалаларга алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.
Бугунги кунда барча мамлакатларимиз бу борада кўп ишларни олиб бормоқда. Бироқ ШҲТ майдонида иқлим ўзгаришига мослашиш, декарбонизация ва “тоза” технологияларни жорий этиш, “ақлли” қишлоқ хўжалиги ва сувдан тежамкорлик билан фойдаланишни ривожлантириш масалалари бўйича янада яқин мувофиқлаштириш ва амалий ҳамкорлик зарур.
Биз ташкилотимиз маконида кейинги йил – Экология йили деб эълон қилинишини қўллаб-қувватлаймиз.
“Яшил белбоғ” дастури доирасида Минтақавий экологик лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва “яшил” технологияларни жорий этиш бўйича қўшма ҳаракатлар режасини тайёрлашни таклиф қиламиз. Ушбу ишни Ўзбекистонда ташкил этилаётган Марказий Осиё атроф-муҳитни ўрганиш ва иқлим ўзгариши университети негизида ташкил этиш мумкин.
Бешинчи. Озиқ-овқат хавфсизлиги билан боғлиқ хатарлар ортиб бораётгани муносабати билан Озиқ овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти билан биргаликда жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистонда мазкур масала бўйича халқаро конференция ўтказишни режалаштирмоқдамиз.
Ушбу тадбирнинг алоҳида сессияси мазкур масалани глобал даражада ҳал этишга амалий ҳисса қўшиш учун умумий тамойил ва ёндашувларни ишлаб чиқиш мақсадида ШҲТ давлатлари ҳамкорлигига бағишланади.
Ушбу конференцияда сизнинг мамлакатларингиз делегацияларини фаол иштирок этишга таклиф қиламиз.
Олтинчи. Туризм соҳасидаги ҳамкорлик асосий устувор йўналишлардан бири ҳисобланади.
Ҳозирги вақтда сифатли ва мақбул нархлардаги умумминтақавий сайёҳлик маҳсулотлари етишмаслиги яққол сезилмоқда.
ШҲТ минтақасида Туризмни ривожлантириш йилида туризм маъмуриятлари, етакчи оператор ва авиакомпаниялар ўртасидаги алоқаларнинг фаоллашувини қўллаб-қувватлаймиз.
Самарқанд шаҳридаги «Ипак йўли» халқаро университетида шу йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтадиган Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош ассамблеясининг юбилей сессияси доирасида ШҲТ туризм индустриясини ривожлантириш бўйича қўшма илмий-амалий конференция ўтказишни таклиф этамиз.
Еттинчи. ШҲТ мамлакатлари бой маданий-гуманитар салоҳиятга эга.
Ушбу йўналишда мувофиқлаштирилган сиёсатни амалга ошириш мамлакатларимиз ва халқларимизни янада яқинлаштиради, деб ҳисоблаймиз.
Шу муносабат билан биз фаол маданий алмашинувлар бўйича йиллик тақвимларни шакллантириш амалиётини жорий этишни таклиф қиламиз. Халқларимизнинг бетакрор тарихий мероси бўйича қўшма кўргазмалар, бевосита ҳамда электрон платформалар асосидаги концертлар, театрлар гастроллари, форумлар, кинофестиваллар ва тақдимотлар ушбу тақвимдан ўрин олади.
Илмий ва таълим дастурларини кенгайтириш, ташкилотга аъзо мамлакатлар тилларида халқларимизнинг адабий меросини таржима қилиш ва нашр этиш бўйича тизимли ишларни олиб бориш муҳимдир.
Шунингдек, “ШҲТ – илғор ғоялар ва келажак ташаббуслари макони” мавзусида ёшлар ўртасида мулоқотни кенгайтириш бўйича тадбирлар дастурини тайёрлаш ташаббусини илгари сурмоқдамиз.
Саккизинчи. Мамлакатларимизнинг барқарор ривожланиши минтақада ягона ва бўлинмас хавфсизликни таъминлаш билан чамбарчас боғлиқ.
Ҳамкасбларим томонидан ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси фаолиятини фаоллаштириш бўйича ташаббуслар қўллаб-қувватланаётганини мамнуният билан қайд этмоқчиман.
Биз Минтақавий аксилтеррор тузилма кенгашининг сайёр йиғилишларини ўтказиш амалиётини давом эттиришни қўллаб-қувватлаймиз. Бу ушбу тузилманинг замонавий таҳдидларга тезкор жавоб бериш бўйича имкониятларини оширишга хизмат қилади.
Шунингдек, кўп томонлама муҳим ҳужжатлар – Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома ҳамда ШҲТ маконида экстремистик мафкурага қарши курашиш бўйича қўшма дастурни тайёрлаш ва қабул қилишни тезлаштириш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Ушбу ҳужжатларнинг ҳаётга татбиқ этилиши радикаллашув борасидаги хатарларга муносиб жавоб бўлиши, бузғунчи кучларнинг ўз мафкурасини, биринчи навбатда, ёшлар ўртасида тарқатишга бўлган уринишларини зарарсизлантириши лозим.
Ҳурматли ҳамкасблар!
Кун тартибимизда турган яна бир муҳим масала – бу Афғонистонда сақланиб қолаётган мураккаб вазиятдир.
Афсуски, бу мамлакатнинг муаммоси ва афғон халқининг фожиаси халқаро кун тартибида иккинчи ўринга сурилиб қолди. Кейинги пайтларда халқаро миқёсда амалга оширилган барча ҳаракатлар кутилган натижани бермади. Афғонистон аҳолисининг тобора оғирлашиб бораётган ижтимоий аҳволи ҳам шундан далолат беради. Бунинг устига ушбу мамлакатга кўрсатилаётган гуманитар ёрдам ҳажми сезиларли даражада камайди.
Фақат Бирлашган Миллатлар ташкилоти доирасида Афғонистон ҳукумати билан конструктив мулоқот ўрнатиш орқалигина бу муаммога ечимни топиш мумкин, деб ҳисоблаймиз.
Бу кўп жиҳатдан Афғонистоннинг бевосита қўшнилари ва узоқ муддатли сиёсий ечим топилишидан энг кўп манфаатдор бўлган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти давлатларининг сиёсий иродасига боғлиқ.
Шу муносабат билан “ШҲТ – Афғонистон” мулоқот гуруҳи шаклидаги биргаликдаги ишларни ва маслаҳатлашувларни қайта тиклаш мақсадга мувофиқ, деб биламиз.
Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Азиз дўстлар!
Сўзимнинг якунида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раисликни қабул қилиб олгани муносабати билан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Кемелевич Токаевга билдирилган табрик ва тилакларга қўшиламан.
Сиз эълон қилган кенг кўламли дастурни амалга оширишда яқин ҳамкорлик қилишга тайёрмиз.
Шунингдек, Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган президентлик сайлови муносабати билан айтган илиқ сўзларингиз ва муваффақиятлар тилаганингиз учун сизлардан чин дилдан миннатдорман.
Ишончим комилки, учрашувимиз натижалари, бугун илгари сурилган ташаббуслар, қабул қилинадиган муҳим қарорлар ШҲТ маконида серқирра шерикликни янада кенгайтиришга, халқларимиз ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик ва дўстликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Эътиборингиз учун раҳмат.