Афғонистон яна терроризм тарқаладиган марказга айланмоқда. Россия ва Хитой доимий ваколатхоналари томонидан ташкил этилган Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг экстремизмга қарши кураш бўйича конвенциясини амалга оширишга бағишланган анжуманда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ўринбосари Владимир Воронков шундай баёнот берди.
– Ушбу тадбир вақтида ўтказиляпти, – деди у. – Айниқса, “Толибон” ҳаракатига қарши санкцияни таҳлилий қўллаб-қувватлаш ва мониторинг қилиш гуруҳининг 14-маърузасида келтирилган хулосалар асносида. Жуда чуқур ва мазмунли ушбу ҳужжат “Аслида, Афғонистон аста-секин яна терроризм тарқалишининг деярли асосий, балки, асосий эпимарказига айланиб бораётгани”дан далолат беради. Баландпарвоз баёнотлар қилингани, ваъдалар берилганига қарамай, фактлар аксини кўрсатиб турибди.
Афғонистон ҳукумати террор таҳдидини жиловлашга қодир эмаслиги ёки буни хоҳламаслиги факт.
Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё минтақаси қўшни Афғонистондаги гуруҳлар туфайли террор таҳдиди кучайиши оқибатида мураккаб геосиёсий воқелик билан рўбарў келишда давом этмоқда.
“Ушбу мўрт давлатда гуманитар инқироз ва инсон ҳуқуқи жиддий бузилиши вазиятни янада оғирлаштирмоқда. Бу ҳолат терроризм ва зўравон экстремизмга қарши кураш, шунингдек, минтақада тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш бўйича жамоавий ҳамда доимий саъй-ҳаракатни кучайтириш зарурлигини кўрсатади.
ЎзА