Туркманистон Республикаси Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг мамлакатимизга давлат ташрифи доирасида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Тошкентда Туркманистон миллий кўргазмаси ва ишбилармон доира вакиллари иштирокида бизнес-форум бўлиб ўтди.
Икки давлат вазирликлари, савдо-саноат, инвестиция ва бошқа тадбиркорлик соҳаларида фаолият юритувчи компаниялар раҳбарлари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон – Туркманистон ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик йўналишидаги алоқаларни келгусида янада ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама этилди.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси А.Икромов, Туркманистон Савдо-саноат палатаси раиси Ў.Гурбанназаров ва бошқалар кейинги йилларда мамлакатларимиз ўртасида манфаатли ҳамкорлик муносабатлари янги босқичда ривожланаётгани, бунда икки давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашувлари чоғида эришилган келишувларнинг биргаликда амалга оширилаётгани муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади.
Ўзбекистон – Туркманистон муносабатларида савдо-иқтисодий, маданий-маърифий ҳамкорлик асосий ўрин тутади. Бу ҳукуматлараро битимларда ҳам ўз аксини топган.
Туркманистон миллий кўргазмаси ва икки мамлакат ишбилармон доираларининг бизнес-форуми қўшма лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида чет эл инвестицияларини жалб қилиш, шунингдек, тадбиркорлар ўртасида савдо алоқаларининг йўлга қўйилиши ва кенгайишини қўллаб-қувватлаш, янги қўшма корхоналар сонини ҳамда манфаатли маҳсулот айланмасини оширишга хизмат қилади.
Ишбилармонлар учрашуви чоғида икки давлат тадбиркорлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича масалалар муҳокама қилинди.
Туркманистон ишбилармон доира вакиллари Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бизнесни қўллаб-қуватлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, мамлакат иқтисодиётининг инвестицион жозибадорлигини ошириш борасида амалга оширилган ишлар, эркин иқтисодий зоналарда инвесторлар учун яратилган шароитлар билан танишди. Мамлакатда иқтисодиётнинг турли тармоқларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар самарадорлигини юқори баҳолади.
– Тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарамиз. Маҳсулотларимиз эспорт ҳудудини кенгайтириш, ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан тажриба алмашиш мақсадида Тошкентга келдик, – дейди «Ипак йўли харидлари» компанияси бош менежери Павел Аннабердиев. – Туркманистон миллий кўргазмаси ва бизнес-форум фаолиятимизни янада кенгайтириш, ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этди. Ўзбекистонга ташрифимиз биз учун яхши самара беришига ишонамиз.
2017 йилда мамлакатларимиз ўртасида товар айланмаси 177,3 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Бугун Ўзбекистонда туркманистонлик ишбилармонлар билан ҳамкорликда 11 корхона фаолият юритмоқда. Улар савдо ва хизмат кўрсатиш, тўқимачилик саноати, мебель ишлаб чиқариш каби соҳаларни қамраб олган.
Туркманистон миллий кўргазмаси ва бизнес-форумда нефть-газ, транспорт-коммуникация, қишлоқ хўжалиги, туризм, саноат ишлаб чиқариш, тўқимачилик каби соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича истиқболли келишувларга эришилиб, 250 миллион АҚШ доллари қийматидаги шартномалар имзоланди. Бу каби тадбирларни мунтазам ўтказишга келишиб олинди.