Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Россия Федерациясининг «КАМАЗ» компанияси ҳамкорлигида Самарқанд шаҳрида «Камаз кунлари» тадбирлари бўлиб ўтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Навоий, Бухоро ва Хоразм вилоятларидан 1200 нафардан зиёд хорижда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган олий ва профессионал таълим муассасалари битирувчилари иштирок этди.

– Олий ва профессионал таълим муассасалари битирувчиларини иш билан таъминлаш, уларнинг хориж технологияларини ўрганишга имкон яратиш ва “КАМАЗ” компанияси билан ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида ушбу тадбир ташкил этилди, – дейди Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Алишер Норбоев. – Бугунги кунда “КАМАЗ” компаниясида синовчи-ҳайдовчи, автомобилларни таъмирлаш чилангари, автотранспорт воситаларига техник хизмат кўрсатиш каби машинасозлик соҳасидаги касблар бўйича 1500-2000 нафар ўрта бўғин кадрларга эҳтиёж бор экан. Шу асосда битирувчиларни компанияда яратилган имкониятлар билан таништириш, ишлаш истагида бўлган мутахассис кадрларни компания билан шартнома тузишга кўмаклашилмоқда.

Тадбир давомида “КАМАЗ” компанияси билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни амалга ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардаги олий ва профессионал таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланиб, суҳбатдан муваффақиятли ўтган битирувчилар компанияга шартнома асосида ишга жалб қилиниши белгиланди.

– Автомобилларни таъмирлаш чилангарлиги йўналишида ўқийман, –дейди Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли тумани касб-ҳунар мактаби ўқувчиси Давлетбой Кенгезбоев. – Меҳнат ярмаркасида мутахассислар суҳбатидан ўтиб, ишга кириш бўйича шартнома имзоладик. Энди дипломни олишим билан компанияда иш бошлайман ва хорижда тажрибамни ошириб, машинасозлик корхонасини очмоқчиман.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА