Қайта тикланувчи энергия бўйича халқаро агентлик (IRENA) ҳукуматлараро агентлик бўлиб, ҳозирги кунда унга 180 мамлакат аъзо ва у БМТ доирасида иш олиб боради. Ўзбекистон ҳам ушбу ташкилотга аъзо мамлакат ҳисобланади.

Яқинда Қайта тикланувчи энергия бўйича халқаро агентлик 2023 йилдаги Қайта тикланувчи қувватлар статистикаси ҳисоботини тақдим қилди.

Унга кўра, 2022 йилда қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш қувватларининг бутун дунё бўйлаб ўсиши қарийб 60 фоизи Осиё ҳиссасига тўғри келди ва бу йил охирига келиб жами 1,63 тераватт қайта тикланувчи қувватга эга бўлди. Ушбу ўсишнинг катта қисми Хитойда содир бўлди.

Осиёда дунё аҳолисининг 50 фоиздан ортиғи истиқомат қилади ва сўнгги йилларда минтақада иқтисодий ўсиш кузатилди. Маҳаллий иқтисодиётнинг ўсиши билан минтақада энергияга бўлган талаб дунёнинг бошқа жойларига қараганда тезроқ ўсиб бормоқда.

Минтақадаги ҳукуматлар қайта тикланувчи энергияни ривожлантиришни жадаллаштириш бўйича режаларини белгилаб олди. Ушбу саъй-ҳаракатлар натижасида Осиё қайта тикланувчи энергия ишлаб чиқариш бўйича Шимолий Америка ва Европани ортда қолдирди.

Глобал миқёсда қайта тикланувчи қувватлар 2022 йилда 9,6 фоизга ўсди ва бутун дунё бўйлаб рекорд даражадаги 295 гигаваттни қўшди. Ҳисоботда айтилишича, бу ўтган йили қўшилган барча энергия қувватларининг 83 фоизини ташкил этади ва ўтган йил охирига келиб қайта тикланувчи ишлаб чиқариш қувватини 3372 гигаваттга етказди, дейилади Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Н.Зиёдуллаева, ЎзА