Ўзбекистон Кинематография агентлиги гранти асосида «Ёшлик» студиясида кинорежиссёр Шокир Холиқов томонидан суратга олинган «Якшанба» бадиий фильми 25-Шанхай халқаро кинофестивали доирасидаги «Осиёнинг янги истеъдодлари» йўналишида олий мукофот – «Олтин кубок»ка сазовор бўлди.

«Якшанба» – Шокир Холиқовнинг катта кинематографиядаги дебюти. Ижодкор Кинематография агентлиги томонидан таъсис этилган 1 миллиард 200 миллион сўмлик грант билан тақдирланган. «Якшанба»  фильми ана шу қўллаб-қувватлашнинг натижаси экани қувонарли.

Маълумки, Шанхай халқаро кинофестивали нуфузли «А»  тоифадаги йирик фестиваллардан саналиб, 1993 йилдан буён ўтказиб келинади.

Фестивалнинг олий мукофоти «Олтин кубок» бўлиб, асосий конкурсда 7 та номинация бўйича ғолиб бўлган фильмларга топширилади. Фестивалда асосий конкурсдан ташқари яна тўртта категорияда ғолиблар аниқланади. Булар «Осиёнинг янги истеъдодлари»,  «Анимацион фильм,  Ҳужжатли фильм», «Қисқа метражли бадиий фильм», «Қисқа метражли анимацион фильм» категорияларидир.

Айтиш жоизки, ёш бўлса-да, Шокир Холиқовнинг бир нечта қисқа метражли картиналари республика ва халқаро миқёсдаги бирқатор фестивалларда ғолиб бўлган.

 

Н.Усмонова,  

ЎзА