Мамлакатимизда миллий адабиётимизни ривожлантириш, китоб ва китобхонликка катта эътибор берилмоқда. Бу борада давлатимиз раҳбари томонидан бир қатор муҳим ҳужжатлар қабул қилингани адабиёт, санъат, илм-фан, маданият аҳлига кўрсатилаётган ғамхўрликнинг амалий ифодасидир.
Яқиндагина Туркиянинг Истанбул шаҳрида 8-халқаро Истанбул ноширлик касбий учрашувлари тадбири ва конференция бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон шоиру адиблари ҳамда йигирмадан ортиқ нашриёт ва босмахона мутахассислари иштирок этди. Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, атоқли шоир Ғайрат Мажид, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Ғайрат Бозоров, шоир ва таржимон Муҳиддин Омон сўзга чиқиб, мамлакатимизда китоб ва китобхонликка берилаётган эътибор, янги лойиҳа ва режалар ҳақида тўхталди.
Ўзбекистонда миллий адабиёт ривожи доимий эътиборда экани, ижодкорлар, шу жумладан ёш қаламкашларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларнинг асарларини чоп этишнинг амалий механизми яратилгани, муҳташам «Адиблар хиёбони» бугун пойтахтнинг энг сўлим масканига айлангани халқаро анжуман қатнашчиларида катта қизиқиш, ҳайрат ва ҳавас уйғотди.
Ушбу анжуман туфайли жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари ноширлари, ёзувчи ва шоирлари ҳамда зиёлилари Туркиянинг гўзал ва бетакрор Истанбул шаҳрида жам бўлиб, фикр алмашишди, амалий ҳамкорликлар юзасидан режалар белгиланди.
Туркиянинг Маданият ва туризм вазирлиги, Матбаа ва нашриёт профессионал уюшмаси, Истанбул шаҳар ҳокимлиги ташкил этган мазкур халқаро тадбир шаҳардаги қадим тарихга эга Рами кутубхонасида бўлиб ўтди.
Шу ўринда кутубхона ҳақида икки оғиз сўз. У XVIII асрнинг ўрталарида қурилган бўлиб, 200 йилдан кўпроқ вақт ҳарбийларнинг истеҳкоми бўлиб хизмат қилган. Ўтган асрнинг 70-йилларида бу ер ҳарбийлардан олиниб, озиқ-овқат бозорига айлантирилади. Хароба ҳолатга келиб қолган ушбу мажмуа 2010 йилда “Истанбул дунёнинг маданият пойтахти”деб эълон қилиниши муносабати билан, Туркия Президентининг кўрсатмасига кўра, тарихий шамойилини сақлаб қолган ҳолда реставрация қилинади ва муҳташам кутубхонага айлантирилди. Бу ердаги кутубхона ҳар куни 24 соат давомида китобсеварларга, айниқса, ёшларга хизмат қилади, 2 миллиондан ортиқ китоб фондига эга. Ундан фойдаланувчилар учун 4200 ўриндиқ ва 2 миллиондан зиёд, 40 тилдаги китоблар бор.
Кутубхона 36 минг метр квадрат ёпиқ майдон ҳамда 51 минг метр квадрат яшил майдонга эга. Унда мунтазам равишда кўргазмалар, семинарлар, суҳбатлар ва симпозиумлар ўтказиб турилади.
Халқаро анжуманда элликдан ортиқ мамлакат вакиллари қатнашди. Тадбирнинг мамлакатимиз учун аҳамиятли жиҳати шундаки, унда Ўзбекистон Республикаси алоҳида эътибор қаратилган давлат сифатида қатнашди.
Бугунги глобаллашув даври маданият, маърифат, ноширлик ва китобхонлик йўналишида ҳам ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро мулоқот яратишни кун тартибига қўймоқда. Туркиядаги мазкур халқаро анжуман натижаси ўлароқ, Ўзбекистон ҳамда туркий давлатлар ўртасида адабий-маърифий, ноширлик, китоб тарғиботи бўйича ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш юзасидан амалий режалар белгиланди.
Н.Усмонова, ЎзА