«Пойтахт» бизнес марказида Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Ўзбекистонда болаларни полиомиелитдан ҳимоя қилиш учун янги вакцинани қўллашга бағишланган матбуот анжумани ташкил этилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари, соҳа мутахассислари, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, БМТнинг «ЮНИСЕФ» халқаро ташкилоти вакиллари иштирок этган тадбирда республикамизда аҳоли ўртасида юқумли касалликлар бўйича эпидемик вазиятнинг барқарорлиги таъминланиб келинаётгани айтиб ўтилди.
– Ўзбекистон 2002 йилда полиомиелитдан холи ҳудуд мақомига эришган бўлса-да, миллий иммунизация календарига янги вакцинанинг киритилиши мазкур касалликнинг қайтадан пайдо бўлиши ва тарқалишининг олдини олиш ва ҳеч бир бола фалаж бўлмаслигини таъминлаш томон қўйилган муҳим қадамдир, – дейди тадбирда сўз олган ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Саша Грауман. –Биз Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур вакцинанинг таъминотини йўлга қўйганлигидан ва ота-оналарни ўз фарзандларини иммунизация календарига асосан эмлатишга чорлаётганидан мамнунмиз.
Полиомиелитга қарши миллий эмлаш кунлари давомида хавфсиз эмлашни ташкил этиш ва ўтказиш мақсадида касалликнинг клиникаси, даволаш, профилактикаси мавзусида республикамизнинг барча ҳудудларида тиббиёт ходимлари учун семинарлар ўтказилади.
– Республика бўйича эмлаш бригадалари ва эмлаш пунктлари ташкил этилган. Миллий эмлаш кунларини ўтказишда махсус тайёргарликдан ўтказилган 12 мингдан ортиқ тиббиёт ходими, жумладан, 5 мингдан ортиқ врач, 7 мингдан ортиқ эмлаш ва патронаж ҳамшираси, мактабгача таълим-тарбия муассасалари ҳамда Меҳрибонлик уйлари ходимлари иштирок этади, – дейди Тошкент вилояти давлат санитария-эпидемиология назорати маркази масъул ходими Насиба Тойирова.
Мазкур вакцинанинг хавфсизлиги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг махсус сертификати билан кафолатланган бўлиб, эмлаш инъекция йўли билан амалга оширилади. Ота-оналар тўрт ойликкача бўлган фарзандларини ўзлари яшаётган ҳудуддаги тиббиёт муассасаларига олиб чиқиб, эмлатишлари керак.
Анжуман қатнашчилари пойтахтимиздаги поликлиникалардан бирида мазкур вакцина қўлланилган илк эмлаш амалиётига гувоҳ бўлишди.