Бугунги кунда жаҳондаги 8 та мамлакат – Австрия, Ирландия, Коста-Рика, Лихтенштейн, Мальта, Швейцария, Швеция ва Туркманистон бетарафлик мақомига эга. Улардан фақат Туркманистонгина БМТ Бош Ассамблеяси махсус резолюциясига биноан бу мақомга эришган.
1995 йилда Туркманистон ўзининг доимий бетарафлигини эълон қилди. Туркманистоннинг бу нияти аввалига 1995 йил 15 мартда ЭКОга аъзо давлат раҳбарлари томонидан, 1995 йил 20 октябрь куни эса 114 мамлакат вакиллари иштирок этган Қўшилмаслик ҳаракати анжуманида қўллаб-қувватланди. Ашхабоднинг бу борадаги мавқейи кўплаб халқаро ташкилотлар раҳбарлари томонидан илиқ кутиб олинди. Шундан сўнг БМТ Бош ассамблеяси 1995 йил 12 декабрь куни Туркманистоннинг доимий бетарафлиги тўғрисида 50/80 рақамли резолюция қабул қилди.
Унда таъкидланганидек, Туркманистоннинг доимий бетарафлик мақоми минтақада тинчлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Бу каби ҳужжат халқаро ҳамжамият фаолиятида биринчи марта қабул қилинди. Бош ассамблея сессиясида бу қарорни БМТга аъзо 185 давлат вакили қўллаб-қувватлади. Шундан сўнг Туркманистон ташқи сиёсатида янги давр бошланди.
Сўнгги йилларда Туркманистон жаҳондаги ўнлаб мамлакатлар билан иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаб бормоқда. Хорижий сармоядорлар ёрдами билан мамлакатда юзлаб иншоотлар барпо этилди. Халқаро ҳуқуқнинг тенг ҳуқуқли субъекти бўлган бетараф Туркманистон давлатлараро алоқаларни ривожлантириб бормоқда. Бугунги кунда Туркманистон жаҳондаги 120 дан ортиқ мамлакат билан дипломатик алоқаларни ўрнатиб, 40 дан ортиқ халқаро ташкилотнинг аъзосига айланган. Туркманистоннинг кўплаб хорижий мамлакатларда элчихоналари мавжуд. Ўз навбатида, 30 дан ортиқ хорижий мамлакат ва халқаро ташкилотнинг ваколатхонаси Туркманистонда фаолият юритади. Ўтган қисқа даврда Туркманистон давлат қурилиши борасида улкан ютуқларга эришди. Мамлакат ижтимоий ҳаётида туб ўзгаришлар рўй берди.
Ўзбекистон – Туркманистон муносабатлари ўз тараққиётининг сифат жиҳатидан янги босқичига қадам қўйди. Гурбангули Бердимуҳамедов «Ўзбекистон Туркманистоннинг ишончли дўсти, муҳим ва фаол шеригидир. Биз Ўзбекистон билан азалий дўстлик ва маънавий яқинликка асосланган самимий муносабатларни юксак қадрлаймиз», деб таъкидлайди.
Давлатларимиз ўртасида қарор топган дўстлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат, дўстона қўшничилик ва ҳар томонлама яқин ҳамкорлик муносабатлари келгусида ҳам мамлактларимиз ва халқларимиз манфаатлари, шунингдек, минтақада тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш йўлида ривожланиб бораверишига шубҳа йўқ.
Шарофиддин Тўлаганов