Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида “Ичан қалъа” ҳамда Нуриллабой мажмуасини зиёрат қилди.
Олий мартабали меҳмонга ушбу қадамжолар тарихи, бу ерда сайёҳликни ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўзлаб берилди.
Очиқ осмон остидаги музей шаҳар “Ичан қалъа”да жойлашган Паҳлавон Маҳмуд мақбарасида буюк аждодимиз хотирасига қуръон тиловат қилинди.
Икки мамлакат Президентлари Шерғозихон мадрасасини ҳам кўздан кечирди. Бу масканда таълим олган алломалар шарафига ташкил қилинган музей фаолияти билан танишди. Ушбу мадрасада ўз даврида Маҳтумқули Фироғий ҳам уч йил мобайнида ўқиб таҳсил олган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан юртимиздаги барча тарихий шаҳарлар қатори Хива шаҳрининг ҳам тарихий-меъморий ва туризм салоҳияти изчил ривожлантирилмоқда. Ҳудуддаги бебаҳо маданий ёдгорликлар асл қиёфасини йўқотмаган ҳолда таъмирланиб, атрофи ободонлаштирилмоқда.
Ҳусусан, Нуриллабой тарихий мажмуаси реконструкция ва реставрация қилинди. Ресторан, қабуллар уйи, галерея, амфитеатр қурилди.
Бу аждодларимизнинг бой тарихий мероси, маданияти ва санъати намуналарини асраб-авайлаш, халқимизнинг юксак бунёдкорлик салоҳиятини дунё жамоатчилигига кенг намоён этишга хизмат қилмоқда.