Мамлакатимизнинг Пекиндаги элчихонасида шу йил ўтказилган “Олтин қалам” XVII миллий мукофоти учун халқаро танловининг “Чет эллик журналистнинг Ўзбекистон ҳақидаги энг яхши материали учун” номинациясида биринчи ўрин соҳиби, Хитойнинг “Женмин хуабао” нашриёти муҳаррири Сан Хаоянгга танлов статуэткаси, дипломи ҳамда пул мукофоти тантанали равишда топширилди.
Маросимда сўз олган Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов бу йилги танлов давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 27 июндаги “Оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш ва журналистика соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида демократик тамойиллар асосида янада очиқ ва шаффоф ташкил этилгани, танловда 25 давлатдан 50 нафардан зиёд хорижлик журналистлар қатнашганини алоҳида таъкидлади. Мамлакатимизда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
– Кейинги йилларда Ўзбекистонда жадал олиб борилаётган ислоҳотлар билан танишиш баробарида уларни Хитой оммавий ахборот воситаларида ёритилишига ҳисса қўшиб келмоқдаман. Ҳар қандай инсон ютуққа эришса қувонганидек, нуфузи юқори “Олтин қалам” халқаро танловида ғолиб бўлганимдан жуда хурсанд бўлдим. Ўз олдимга бундан кейин ҳам мамлакатингиз ҳақида турли мавзуларда материаллар тайёрлашни мақсад қилиб қўйганман, – деди Сан Хаоянг.
Тадбирда шунингдек, икки мамлакат оммавий ахборот воситалари ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, тажриба алмашишни таъминлаш каби масалалар хусусида сўз юритилди.
ЎзА