Президентлар “Ўзбек-туркман” дўстлик уйида бўлишди

Ўзбек ва туркман халқларининг тили ва урф-одатлари бир-бирига яқин, маданияти уйғун, адабиёти ва санъати умумий.

Бугунги кунда Хоразм вилояти Урганч туманидаги Ғойбу қишлоғида минглаб туркманлар ўзбеклар билан аҳил-иноқликда, бир оила вакилларидек яшаб келмоқда. Уларнинг ўз она тилларида таълим олиши, урф-одатлари ва анъаналарини ривожлантириш учун барча шароит яратилган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ушбу ҳудудда кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлик ишлари амалга оширилди. Янгиланган лойиҳадаги уй-жойлар, мактаб, мактабгача таълим муассасалари, болалар мусиқа ва санъат мактаби, оилавий поликлиника қад ростлади. Қисқа муддатда замонавий ва миллий меъморчилик анъаналари асосида “Ўзбек-туркман” дўстлик уйи бунёд этилди.

Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов халқларимиз дўстлиги рамзи сифатида барпо этилган ушбу иншоотни бориб кўрди. Бу ерда яратилган шароитлар билан танишди. Бинода икки мингдан зиёд туркман, ўзбек ва жаҳон адабиёти фондига эга кутубхона, икки халқнинг кўп асрлик тарихий дўстлигини ифодаловчи музей, турли фан ва санъат тўгараклари хоналари ва икки юздан ортиқ ўринга эга фаоллар зали жой олган.

783e0129-6b6e-26fb-42f2-ef1612aa6631.jpg

Фаоллар зали тўрига Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Туркманистон – биз учун тарих ва вақт синовидан ўтган, кўп асрлик дўстлик ва ҳамкорлик муносабатлари боғлаб турадиган энг яқин қўшнимиздир.

Ҳақиқий дўстлик ва яқин қўшничилик муносабатлари қандай бўлиши лозимлигини биз бошқаларга ибрат қилиб кўрсатиш учун барча имкониятларни ишга соламиз” ҳамда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг “Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар – бир-бирини қадрлайдиган ва ҳурмат қиладиган қардош халқлар, меҳрибон қўшниларнинг мулоқотидир.

Ушбу мустаҳкам пойдевор асосида биз бундан буён ҳам халқларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик ва қардошлик алоқаларини ривожлантирамиз ва мустаҳкамлаймиз”, деган сўзлари битилган.

Бу ушбу бинога ташриф буюрувчи икки халқ вакиллари, айниқса, ёшлари ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Давлат раҳбарлари “Ўзбек-туркман” дўстлик уйи ҳовлисига ўрнатилган туркман халқининг буюк мутафаккири ва шоири Махтумқули Фироғий бюсти пойига гул қўйди.

Туркман халқи Алишер Навоий ғазалларини севиб ўқиганидек, ўзбеклар ҳам Махтумқулини ўз шоиридек ардоқлайди.

5b820aed-979b-373c-6a07-f6b6d8a88dfc.jpg

Атоқли шоир “Фироғийнинг икки кўзи бор, бири туркман бўлса, бири ўзбегим”, дея икки халқ ўртасидаги қардошлик ва дўстликни алоҳида эътироф этган эди. Бугун ушбу дўстлик анъаналари янги босқига кўтарилди.

Шундан сўнг Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Гурбангули Бердимуҳамедов “Улли ҳовли” ёдгорлик мажмуасига ташриф буюрдилар.

Ўн еттинчи асрга тегишли бўлган ушбу мажмуада Президентимиз ташаббуси билан кенг кўламли таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Таъмирлаш ишларида бинонинг асл тарихий ҳолатини сақлаб қолишга ҳаракат қилинди. Мазкур обида салкам бир гектар майдонни эгаллаган ҳимоя қўрғони билан ўралган. У бу ерда истиқомат қилган оилаларнинг хавфсизлигини таъминлаган. Бу ерда туркман халқининг миллий маданиятига тегишли осори-атиқалар бор. Мажмуада сайёҳлик ва зиёрат туризмини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Йигирма ўринли меҳмонхона қурилди. Туркман ўтовлари ўрнатилди.

Сайёҳлар бу ерда тегирмонларда ун ва гуруч тайёрлаш ҳамда улардан турли мазали таомлар пишириш, тандирларда хоразмча ва туркманча нон ва патир ёпиш жараёнининг гувоҳи бўлиши мумкин.

Шу ерда ўзбек ва туркман мумтоз қўшиқларидан намуналар ижро этилди.

61512639-a702-05ce-99be-d2959a0fd252.jpg
e9027984-987b-2472-74ff-5513f6cf7628.jpg
031147ba-0770-aa03-dbe5-2410f39d9021.jpg
3861232c-ad1a-eeb1-e83a-288fbb14397c.jpg
27a6aad6-e461-c586-b109-14b81dd16f11.jpg

 

З. Жонибеков, А.Шокиров, ЎзА