Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан “Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти ва “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди ҳамкорлигида ташкил этилган “Саломатлик поезди” Оролбўйига етиб келди.
Ушбу акция орқали Оролбўйи минтақасининг ҳаво йўллари тармоқлари йўқ, автомобиллар ҳаракати учун шароитлар етарли бўлмаган узоқ ҳудудлари аҳолисини тиббий кўрикдан ўтказиш, уларга зарур дори воситалари ва тиббий сарфлов материалларини етказиб бериш мақсад қилинган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, “Саломатлик поезди” га 1,5 миллиард сўм миқдоридаги 5 тоннадан ортиқ дори воситаси ва тиббий материал юкланган бўлиб, улар орасида профилактика мақсадида қабул қилинадиган витаминлар, микроэлементлар ҳамда бошқа зарур дори-дармонлар, шунингдек, шахсий гигиена воситалари мавжуд.
Бу поездларда ҳудудларга йўл олган Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларининг жами 200 нафардан зиёд малакали мутахассиси аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказади. Нукус шаҳрида аҳолини тиббий кўрикдан ўтказиш ишлари бошлаб юборилди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ,
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА