Жиноят кодексига вояга етмаганларнинг жинояти бўйича тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, 18 ёшга тўлгунига қадар содир этган жинояти учун (ўта оғир жиноятлар бундан мустасно) шахс жазони ўтаб бўлганидан сўнг судланмаган деб ҳисобланиши белгиланмоқда. шунингдек, вояга етмаганга нисбатан тайинланадиган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кам муддати олти ойдан бир ойга туширилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, халқаро умумэътироф этилган нормаларда вояга етмаганларнинг жиноий жавобгарлигини бошқа шахсларга нисбатан енгилроқ шаклда белгилаш кўрсатилган. Хорижий давлатларда шахснинг вояга етгунга қадар содир этган жинояти учун судланганлик муддатини ҳисоблашга оид алоҳида норма белгиланган. Аммо бизнинг қонунчилигимизда шахснинг вояга етмаган даврида содир этган жинояти учун судланганлигининг тугалланишига оид алоҳида норма мавжуд эмас.
Юқоридаги ўзгаришларни ўзида ифода этган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида депутатлар томонидан қизғин муҳокама қилиниб, биринчи ўқишда қабул қилинди. Ушбу қонун лойиҳасида кўзда тутилаётган янгиликлар кенг жамоатчилик томонидан ҳам муҳокама қилиниб, турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда.
Ушбу қонун лойиҳасига масъул бўлган депутат Даврон Арипов жамоатчилик муҳокамаларига нисбатан қуйидагича муносабат билдирди:
— 18 ёшга тўлмаган шахслар содир этган жинояти учун жазони ўтаб бўлганидан кейин судланмаган деб ҳисобланишини Жиноят кодексида мустаҳкамлашга оид қонун лойиҳаси кенг жамоатчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлмоқда. Кимлардир адашиб жиноят йўлига кириб қолган болаларнинг “судланган”лиги олиб ташланишини қўллаб-қувватласа, яна бошқалар жиноят қонунчилигидаги либерал норма вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг камайишига хизмат қилмайди, деган хулосаларини билдираётганига кўзимиз тушаяпти. Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз, депутатлар томонидан муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасига ҳамюртларимизнинг қизиқиш билдираётганидан, уларга бефарқ бўлмаётганидан мамнунмиз. Зотан, демократик ва очиқ жамиятда плюрализм доимо қўллаб-қувватланади.
Қонун лойиҳаси учун масъул депутат сифатида айтишим керак, жиноий қонунчиликда рағбатлантирувчи моддаларнинг кўпайишига қарши бўлаётганларнинг хавотирларини ҳам тўғри тушунса бўлади. Эҳтимол, улар либерал қонунлар жиноятчига ўз хатосидан тўғри хулоса чиқаришига ҳалал беради, деб ўйлашар. Лекин бу қонун лойиҳасида учта муҳим омилга эътибор қаратилса, уларнинг хавотирларига ўрин қолмайди.
Биринчидан, вояга етмаган шахслар қилган жинояти учун жазосини олади, уларнинг жазосидан тўлиқ ёки қисман кечиб юборилмайди.
Иккинчидан, бу норма ўта оғир жиноятлар содир этган вояга етмаганларга нисбатан татбиқ этилмайди. Мисол учун, Жиноят кодексининг 118-моддаси (“Номусга тегиш”)нинг учинчи ва тўртинчи қисмларида назарда тутилган жиноятни содир этган шахс 18 ёшга тўлган ёки тўлмаганидан қатъий назар, судланган деб ҳисобланаверади.
Учинчидан, билиб-билмай жиноятчига айланиб қолган боланинг “судланган”лигини юзига солиш билан жиноятчиликнинг олдини ололмаймиз.
Ҳаётда кўп гувоҳ бўламиз: ёмонни ёмон эканлигини ўзига айтаверсак, у яхшига айланиб қолмайди. Яхшими-ёмонми, боланинг бегонаси бўлмайди. Қилмиши учун жазосини олган вояга етмаган шахсдан “судланганлик” тамғаси олиб ташланган ёшларда бундан буён тўғри йўлни танлашга бўлган иштиёқ ошишига умид қиламиз.
Шу боис, ёшларга оид давлат сиёсатининг устувор тамойилларига мос бўлган қонун лойиҳасининг жамият учун, ёшларимизнинг келажаги учун аҳамияти катта эканига шубҳа йўқ. Қолаверса, лойиҳа эндигина биринчи ўқишда қабул қилинди ва уни такомиллаштириш бўйича ишлар давом этади, — дейди депутат.
Дарҳақиқат, мазкур қонун лойиҳаси шахснинг вояга етмаган даврида содир этган жинояти учун қонун олдида ўз жазосини тўлиқ ўтаб бўлгандан сўнг, унинг оқибатлари келгуси ҳаётига таъсир қилмаслиги ва ўз ҳаётини янгидан бошлаши учун имконият берилишини таъминлайди, адашган ёшларнинг тўғри йўл танлашига туртки бўлади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди. ЎзА