Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида талабаларни ишга жойлаштириш масаласига доир тадбир ўтказилди.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда ёшларнинг сифатли таълим олиши учун зарур шароитларни яратиш, битирувчи босқич талабаларининг бандлигини таъминлаш ва иш ўринларини яратишга оид бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Айниқса, ветеринария ва чорвачилик соҳасига катта эътибор қаратилаётганлиги ва соҳани янада ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

– Жорий йилда филиалимизни учта йўналиш бўйича жами 75 нафар талаба тамомлайди, – дейди Маркетинг ва талабалар амалиёти бўлими бошлиғи Д.Каниязов. – Бугунги кунда 12 нафар битирувчи ветеринария бўлимлари ва фермер хўжаликларига ишга жойлашган. Тадбир давомида кўплаб талабаларнинг ҳам ишга жойлашиши бўйича ташриф буюрган иш берувчилар билан келишувга эришилди.

Битирувчи босқич талабалари билан олиб борилган мулоқот давомида уларнинг ҳам фикр ва мулоҳазалари, таклифлари тингланди. Кўзланган асосий мақсад – талаба ёшларнинг бандлигини таъминлаш ва ишга жойлашиши учун зарур шароитларни яратиб бериш.

******

Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида қидирувда бўлган шахс ушланди.  Вазирлик Ахборот хизматининг маълум қилишича, ушбу шахс жорий йилнинг 8 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир қилганликда айбланиб, қидирувда бўлган.

Амударё туманида яшовчи 1995 йил туғилган И.О. исмли шахс мазкур туманнинг “Уйшин” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ушланди.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбири