АҚШ собиқ Президенти Дональд Трамп махфий ҳужжатлар билан боғлиқ айбини бўйнига олса, сайлов кампаниясини тўхтатиши ва давлат раҳбарлигига номзодини сўрмаслиги эвазига авф этилиши мумкин, дейишяпти америкалик экспертлар.
“РИА Новости” ёзишича, ўтган жума куни Трампга 37 бўлимдан иборат айблов эълон қилинди. Агар жинояти тасдиқланса, у 400 йилга озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Гумондор, шунингдек, миллий хавфсизликка алоқадор махфий ҳужжатларни ноқонуний равишда сақлагани, ёлғон гувоҳлик бергани бўйича ҳам айбланган. Ўзининг айбсизлигини таъкидлаб келаётган собиқ етакчи бугун Майами шаҳри судига чақирилган.
АҚШ демократик партияси шу билан ҳам хотиржам бўла олмаяпти, чунки қамоқ муддати ҳам Трампнинг сиёсий ҳаракатини тўхтата олмайди.
Америкада озодликдан маҳрум қилинган фуқаро номзод кўрсатишини тақиқлайдиган қонун йўқ. Тарихда эса шунга ўхшаш воқеа кузатилган: 1920 йил Южин Дебс Атланта турмасида ўтириб, президентлик сайловида иштирок этган.