Президент Владимир Зеленский ҳозиргача 9 майда нишонлаб келинган Ғалаба кунини 8 майга кўчириш тўғрисидаги қонунни имзолади, дейилади Украина Олий радаси сайтида берилган хабарда.
Аввалроқ бир гуруҳ депутатлар Олий радада 8 март, 1 май ва 9 май байрамларини бекор қилиш таклиф этилган қонун лойиҳасини рўйхатдан ўтказган эди. Даъвогарлар таъкидлашича, фақат 8 майда Хотира ва ярашиш кунини нишонлаш керак. Парламент депутати Ярослав Железняк 8 майга белгиланган Хотира ва нацизм устидан қозонилган ғалаба куни нишонланадиган қонун лойиҳаси қўллаб-қувватланганини маълум қилганди.
Лойиҳага берилган изоҳда айтилишича, тарихий ҳақиқатни, адолатни тиклаш мақсадида, Европа оиласининг ажралмас аъзоси сифатида Украина 1939-1945 йилларда бўлиб ўтган Иккинчи жаҳон урушида нацизм устидан қозонилган Ғалаба кунини Европа ва тараққий этган демократик дунё билан бирга 8 майда нишонлаши керак.