Швеция ҳукумати террор ташкилоти, деб топилган Курдистон ишчи партияси тарафдорини Туркияга экстрадиция қилишга қарор қилди. Бу ҳақда маҳаллий “SVT” телеканали маълум қилди.

Швеция Адлия вазирлиги вакили Аҳмад Ашраф маълумотига кўра, 35 ёшли Туркия фуқароси 2013 йил ўз мамлакатида гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жинояти учун тўрт йил-у етти ойга қамалади. Ярим йилдан кейин у шартли равишда озодликка чиқарилади. Шундан кейин жиноятчи қонуний тарзда юртини тарк этади ва Швецияга бориб жойлашади.

Олий суддаги суриштирув давомида Туркия фуқаросининг наркожинояти учун жазони давом эттириши учун экстрадиция қилиниши “бир баҳона” эканини таъкидлаган.

“Аслида, Курдистон ишчи партиясини қўллаганим учун мамлакатимга қайтариб юбориляпман”, дейди у.

Хабарда айтилишича, Туркия Адлия вазирлиги Швеция ҳукуматининг мажбурий экстрадиция тўғрисидаги қарорини олгандан сўнг, жиноятчи тўрт ҳафта ичида олиб кетилиши керак.

“Бу Швециянинг НАТОга қабул қилиниши йўлида Туркия қўйган талабнинг биринчи ижроси, дейилади телекомпания хабарида.

“ТТ” агентлиги ахборотида Стокгольм полициясининг февраль ойида Туркия ва Эрон элчихоналари яқинида мусулмонлар муқаддас китобини ёқишга рухсат берилмагани қарори нотўғри бўлганини Апелляция суди тасдиқлагани айтилади.

Элчихона ёнида муқаддас китобни ёқишга рухсат берилгандан кейин айни акцияни Туркия ва Эрон элчихоналари яқинида такрорлаш учун жорий йил февраль ойида бир ассоциация ва шахс томонидан берилган икки ариза қаноатлантирилмаган.

Полиция рад қарорини Давлат хавфсизлик хизмати тавсиясига кўра чиқаргани билан асослайди. Экспертлар биринчи ҳодиса хавфсизлик билан боғлиқ вазиятга салбий таъсир кўрсатгани, террор ҳаракати таҳдиди ошишига олиб келганини айтишган.

Шундан кейин Маъмурий суд мурожаатчилар аризаси қондирилмаганига асос етарли бўлмагани тўғрисида қарор чиқаради. Полиция, ўз навбатида, шикоят аризаси билан Апелляция судига мурожаат қилади.

Матбуот учун тарқатилган хабарда Аппеляция суди раиси Стефан Хольгерссондан шундай иқтибос келтирилади: Аппеляция суди полиция бўлимлари томонидан келтирилган хавфсизлик ва тартибни сақлаш масаласи аризани рад этиш учун асос бўлолмайди, режалаштирилган ҳаракат ва яқин атрофдаги вазият ўртасида етарли даражада боғлиқлик йўқ, деб ҳисоблайди.

 

Аброр ХОН,

ЎзА