Шу йил 9 июль куни мамлакатимизда муддатидан илгари бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ишлари қизғин паллага кирмоқда. Сайловни муносиб ўтказиш мақсадида барча жараёнлар қонунчилигимизга мувофиқ тарзда босқичма-босқич олиб борилмоқда.
Бугун Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Мажлисда сиёсий партиялар томонидан кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш тўғрисидаги, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти ва оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.
– Сайлов кодексига кўра, сиёсий партиялар жами сайловчиларнинг камида бир фоизи миқдорида номзодларни қўллаб-қувватловчи имзоларни тўплаши керак, – деди Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Баҳром Қўчқоров. – Жорий йилнинг 31 май куни Марказий сайлов комиссиясига Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, 1 июнь куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партияси Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олишни сўраб мурожаат этди ва номзодларни қўллаб-қувватловчи имзо варақаларини тақдим қилди. Марказий сайлов комиссиясининг эксперт гуруҳлари жорий йил 31 май-2 июнь кунлари юқоридаги 4 та сиёсий партия томонидан тақдим этилган фуқароларнинг номзодларни қўллаб-қувватловчи имзо варақалари тўғри тўлдирилганлигини сайлов қонунчилиги талабларига қатъий амал қилган ҳолда текширди. Текшириш натижаларига кўра, эксперт гуруҳлари аъзолари сиёсий партиялар томонидан тақдим этилган имзолар қонунчилик талабларига мувофиқ тўпланганлигини инобатга олиб, барча 4 та сиёсий партия томонидан тўпланган имзо варақалари улар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзодларни рўйхатга олиш учун етарли миқдорда ҳамда қонунчилик талабларига мос эканлиги тўғрисида хулосага келган. Марказий сайлов комиссиясининг ишчи гуруҳи Эксперт гуруҳлари томонидан тақдим этилган хулосаларни инобатга олган ҳолда ҳамда сиёсий партия тақдим этган ҳужжатлар қонунчилик талабига тўлиқ мос келиши, белгиланган тартибда ва муддатда мурожаат қилинганидан келиб чиқиб, сиёсий партиялар томонидан кўрсатилаётган Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларни рўйхатга олиш юзасидан ўз хулосасини тақдим этди.
Мажлисда кун тартибидаги масала юзасидан МСК аъзоларининг фикр-мулоҳазалари тингланди. Шундан сўнг Халқ демократик партиясидан Улуғбек Илёсович Иноятовни, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан Шавкат Миромонович Мирзиёевни, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан Робахон Анваровна Маҳмудовани ҳамда Ўзбекистон Экологик партиясидан Абдушукур Худойқулович Ҳамзаевни Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Шунингдек, мажлисда Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқотини ўтказиш масалалари муҳокама этилди. Қонунчилигимизда белгиланган тартиб ва муддатлардан келиб чиқиб, Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти 2023 йил 7 июндан бошланиши қайд этилди ва қарор қабул қилинди.
Ташвиқот ишларини олиб боришда барча номзодлар учун тенглик тамойилига амал қилиниши таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг республика ва ҳудудий телерадиоканалларида бепул ажратиладиган эфир ҳажми ва вақти, “Янги Ўзбекистон”, “Правда Востока”, “Халқ сўзи”, “Народное слово” каби Республика газеталарида ҳамда 24 номдаги маҳаллий газеталарда бепул ажратиладиган нашр майдони тасдиқланди. Таъкидландики, оммавий ахборот воситалари сайловолди ташвиқоти даврида бепул ажратиладиган эфир вақти ва нашр майдони доирасида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди ташвиқоти даврида чиқишлари учун зарур шарт-шароитлар яратади. Янгиликлар дастурида ва бошқа ахборот материалларида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзодларнинг сайловолди тадбирларини ёритишда тенглик принципига риоя этиши лозим. Мажлисда оммавий ахборот воситалари вакилларини аккредитациядан ўтказиш тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилди. Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган мурожаатлар асосида 9 та маҳаллий оммавий ахборот воситасининг 39 нафар вакили аккредитациядан ўтказилди.
Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА