Ҳиндистоннинг Одиша штатида рўй берган поездлар тўқнашуви натижасида ҳалок бўлган йўловчилар сони соат сайин ортиб бормоқда. Аввал 120 киши ҳалок бўлгани ҳақида айтилган эди. Ҳозирга келиб қурбонлар сони 288 кишига етган ва бу рақам яна ўзгариши мумкин, дейилмоқда Франс Пресс агентлиги тарқатган хабарда.
Аввалроқ Indian Express нашри 233 киши ҳалок бўлгани, 900 киши жароҳат олгани ҳақида ёзган эди.
Поездлар жума куни Баласор шаҳрига яқин жойда тўқнашган. Фактлар аниқлаштирилгандан кейин маълум қилинишича, Калькуттадан Ченнайга қараб кетаётган 10-12 вагондан иборат йўловчи поезд юк поезди билан тўқнашиб, издан чиқиб кетган ва ёндош йўлга ағанаган. Бир оз вақт ўтиб, яна бир йўловчи поезд унга келиб урилган. Натижада яна уч-тўртта вагон рельсдан чиқиб ағанаган.
Қутқарув ишларига табиий офат оқибатларини бартараф қилиш бўйича миллий кучларнинг юзлаб ходимлари жалб қилингани айтилмоқда. Кўплаб йўловчилар ағдарилган вагонлар остида қолган бўлиши мумкин, дейилади хабарда.