Кеча Туркия Буюк Миллат Мажлиси (парламент)нинг янги таркиби иш бошлади, деб хабар берди “Анадолу” агентлиги.
Мамлакат олий қонун чиқарувчи органи биринчи сессиясини ёши энг улуғ депутат – Миллатчи ҳаракат партияси раиси Девлет Баҳчели очди.
Ноиблар навбат билан минбарга чиқиб, мамлакат Конституциясида мустаҳкамлаб қўйилган қасамёд матнини ўқиб бердилар.
Президент Режеп Таййип Эрдоған ҳам парламентнинг биринчи йиғилишида ҳозир бўлди. У мажлислар залининг фахрий меҳмонлар қисмида қасамёд жараёнини кузатди.
14 май куни Туркияда парламент сайлови бўлиб ўтди.
Бугун, 3 июнь куни парламент биносида Президент Эрдоғаннинг қасамёд қабул қилиш маросими ўтказилиши режаланган. Тадбирда 80 яқин давлатдан олий мартабали вакиллар иштирок этади.