Европа парламенти Венгрия 2024 йил иккинчи ярмида ротация йўли билан ЕИ кенгашига раислик қилиш вазифасини бажариши юзасидан етарли даражада салоҳиятга эгалигига шубҳа билдирди. “Евроньюс” депутатлар ушбу масалада мутлақ кўпчилик овоз билан тегишли қарор қабул қилганини ёзган.

Айтилишича, Венгрияда фундаментал ҳуқуқ бузилиши кучайиб боряпти, ЕИ томонидан Будапештга берилган миллиардлаб евро музлатиб қўйилгани сабабли, Венгрия бу муҳим вазифани бажара олиши даргумон.

“Европа парламенти бир овоздан Венгриядаги қонун устуворлиги билан боғлиқ вазият ёмонлашиб бораётганидан чуқур хавотир билдиради”, деди маърузачи Гвендолин Дельбос-Корфилд.

– Сўнгги йиллари Венгрияда қонунлар парламентнинг етарлича назоратисиз қабул қилинган, – дейилади тегишли резолюцияда. – Депутатлар ЕИ давлатларини бу борада “мос ечим” топишга чақиради. Акс ҳолда Европарламент тегишли чоралар кўриши мумкин.

Венгрия адлия вазири Юдит Варгабу мазкур резолюцияни танқид қилиб, Будапеш ЕИга раислик қилишга ҳозирлик кўраётганини айтди.

ЕИ Венгрия учун ажратилган 30 миллиард еврога яқин маблағни, жумладан Европа жамғармасининг пандемиядан кейин иқтисодиётни тиклаш учун мўлжалланган 12 миллиард евролик ёрдами ва имтиёзли кредитини блокламоқда.