Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Aнтонеллa Бaссaни бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Маълумки, Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасида стратегик ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, банкнинг кўмаги билан энергетика, ирригация ва коммунал тармоқларни модернизация қилиш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш йўналишларида қатор лойиҳалар амалга оширилди.

Ўтган йили ушбу нуфузли халқаро молия ташкилоти директорлар кенгаши мамлакатимиз билан 2022-2026 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини тасдиқлади.

Учрашувда ҳамкорликнинг асосий йўналишлари, жумладан, хусусий секторда инклюзив бандликни кўпайтириш, инсон капиталини ривожлантириш, яшил иқтисодий ўсиш орқали фаровонликни ошириш ва барқарор ривожланишни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот чоғида Сенат раиси бугунги кунда камбағалликни қисқартириш масаласига замонавий ёндашувлар асосида биргаликда ечим топиш, уларни изчил амалга ошириш долзарб бўлиб бораётгани, шу муносабат билан янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини оширишнинг драйвери ҳисобланган хусусий сектор ва тадбиркорлик субъектларига сармояларни жалб этишда Банкнинг кўмаги муҳимлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, инклюзив таълим ва ногиронлиги бўлган фуқароларни қўллаб-қувватлаш соҳасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш орқали Ўзбекистонда инклюзив сиёсатнинг янги вазифаларини белгилашда Жаҳон банкининг фаол иштироки аҳамиятли экани қайд этилди.

Aнтонеллa Бaссaни самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Жаҳон банки Ўзбекистон билан ўзаро ҳамкорликнинг истиқболдаги устувор йўналишларини аниқлаб олиш ва бу борада алоқаларни кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлаб ўтди.

Ўзбекистоннинг болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатни бартараф этиш борасидаги саъй-ҳаракатлари ва унинг натижаларига алоҳида тўхталиб, бу ҳаракатлар муносиб меҳнат стандартлари доирасида давом эттирилаётгани қувонарли ҳол экани, мазкур йўналишда Жаҳон банки бундан кейин ҳам Ўзбекистонни қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

“Албатта, гендер тенгликни таъминлаш, хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида жуда катта ишлар қилинмоқда, бу йўналишда ҳам биргаликдаги ишларимизни кучайтирамиз”, деди А.Бассани.

Суҳбат асносида Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш имконини берадиган тармоқлараро йўналишларга ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, гендер тенгликни таъминлаш, фуқароларнинг сиёсий қарорлар қабул қилиш жараёнидаги иштирокини фаоллаштириш ва давлат органларининг жамоатчилик олдидаги ҳисобдорлигини кучайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон ҳамда Жаҳон банки ўртасида турли соҳаларда ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳаларни янада кенгайтиришга келишиб олинди.

 

 

Н.Абдураимова, ЎзА