Ўзбекистон илм-фани оғир жудоликка учради.
Ҳисоблаш математикаси ва дифференциал тенгламалар соҳасидаги таниқли олим, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиги Борис Анисимович Бондаренко 93 ёшида вафот этди.
Б.Бондаренко 1923 йил 12 октябрда Россия Федерациясининг Бошқирдистон Республикаси Давлеканово шаҳрида туғилди. 1953 йили Ўрта Осиё давлат университетини (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) математика мутахассислиги бўйича тугатди. Дастлаб номзодлик, кейинчалик докторлик диссертациясини ҳимоя қилди. Илм-фан соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун 2000 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси этиб сайланди.
Истеъдодли олим қарийб 70 йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида Тошкент темир йўл муҳандислари институти кафедраси мудири, Фанлар академиясининг Математика институти катта илмий ходими, илмий котиби, Кибернетика институти лаборатория мудири, етакчи илмий ходими, директорнинг илмий ишлар бўйича ўринбосари лавозимларида самарали меҳнат қилди ва мамалакатимизда математика соҳасидаги долзарб масалаларни тадқиқ этиш, юқори малакали кадрлар тайёрлашга муносиб ҳисса қўшди.
Заҳматкаш олимнинг илмий ишланма ва тадқиқотлари математик физика, ҳисоблаш математикаси ва комбинатор таҳлилида республикамиз фанида кенг қўлланиб келмоқда. Олим томонидан янги турдаги махсус полиномлар ва уларнинг махсус функциялари яратилган. Уларнинг назариялари, ҳисоблаш математикаси ва қаттиқ жисмлар механикаси соҳасидаги муҳим масалалар ечимлари ишлаб чиқилган.
Олимнинг чизиқли ва яримчизиқли дифференциал тенгламалар соҳасининг назарий ва амалий масалаларига бағишланган 500 дан зиёд илмий мақолалари, китоб ва монографиялари юртимиз ва хорижий мамлакатлар олимлари ва мутахассисларига яхши маълум.
Жонкуяр устоз сифатида кўплаб ёшларга илм-фан сирларидан сабоқ берган илм-фан фидойисининг бевосита раҳбарлигида ўнлаб фан докторлари ва фан номзодлари тайёрланган.
Б.Бондаренконинг мамлакатимиз илм-фанини ривожлантириш борасидаги хизматлари давлатимиз томонидан муносиб тақдирланган. У “Ўзбекистон Республикаси фан арбоби” фахрий унвони ва “Жасорат” медали билан мукофотланган эди.
Атоқли олим, меҳрибон устоз, камтарин инсон Борис Бондаренконинг хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.
Ш.Мирзиёев, Н.Йўлдошев, Н.Исмоилов,
А.Арипов, А.Юнусхўжаев, Б.Йўлдошев