МУҲИМ ХАБАР: Тахиатошдан 2000 йиллик қадимий қалъа топилди 
Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош тумани ҳудудидан 2000 йиллик тарихга эга Кушан империяси даврига оид қалъа қолдиқлари топилди. Айни пайтда бу ерда таниқли археолог олим, Ўзбекистон Қаҳрамони Ғайратдин Хўжаниязов раҳбарлигида вақтинчалик археологик ишлар олиб борилмоқда. 

— Шу йил бошида, аниқроғи, 4 январь куни Тахиатош тумани ҳокимлигидан туман ҳудудидан эски кулолчилик идишлари топилгани ҳақида қўнғироқ қилиб айтишди, – дейди археолог Ғ.Хўжаниёзов. – Шу куни топилган кўзаларни менга олиб келиб кўрсатишди. Эртасига ўша ерга бориб ҳудудни кўздан кечирдик. Ҳақиқатдан ҳам бу ерда эски тарих излари намоён бўлаётганди.

1.jpg

Қорақалпоғистонда чин маънода археология ишлари ўтган асрнинг 36-37 йиллари бошланган бўлса, шу кунгача Тахиатош тумани ҳеч бир археологнинг назарига тушмаган. Сабаби бу ерда кўзга кўриниб турган деворлар ёки қалъа қолдиқлари йўқ эди. Мана биз туман ҳокимининг илтимосига биноан бу ерда вақтинчалик археологик ишларини олиб бордик ва бу ердан ёши 1800-2000 йилларга бориб тақаладиган тарихий ёдгорликларни топдик.

Тахиатош туманининг «Кенегес» овул фуқаролар йиғини ҳудудидан топилган қадимий қалъа маҳаллий аҳолини ҳам бефарқ қолдирмади. У ердан топилган эсдаликлар туман халқ таълими бўлимига қарашли 4-умумтаълим мактаби музейига топширилмоқда.

Мазкур музей 2010 йилда мактабнинг тарих фани ўқитувчиси Аралбой Нуржановнинг ташаббуси ҳамда директори Гулшод Изтлеуованинг қўллаб-қувватлаши билан ташкил этилган. Ҳозирда бу ерда 1500 дан зиёд экспонат сақланмоқда. Мўъжазгина музейда топилмалардан ташқари қадимий миллий либослар, тақинчоқлар, меҳнат қуроллари билан танишиш мумкин.

— Ариқни қозаётган экскаваторнинг тишига илиниб чиққан кўза қолдиқларини кўриб, менда бу ерда эски қалъа борлигига шубҳам қолмади, – дейди «Кенегес» ОФЙ яшовчи Валерий Молдабаев. – Менинг болалигим шу жойда ўтган. 12-13 ёшимда ер юзасига чиқиб турган деворларни кўрардим. Шу пайтдан бошлаб тарихга қизиққанман. Рус тарихчиси Василий Яннинг тарихий романларини ўқиб, бу ерда сув тагида қолган қалъа борлигини фараз қилардим, ўзимча. Мана менинг фаразларим илмий тасдиғини топмоқда. Мен бундан жудаям бахтиёрман.

— Экскаватор тишларига илиниб чиққан кўза синиқларини музейга топширганда илк бор хайратимни яшира олмадим. Кўзаларда ажойиб майда нақшлар бор эди, – дейди А.Нуржанов. – Кейин шу жойни яна қазидик ва яхши сақланган бутун кўза топдик. Ҳозирда топилмалар шифрлаш учун Фанлар академиясига олиб кетилди.

Овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги экин майдонларида, айниқса, тозаланган ариқлар бўйида хоҳлаган киши эрамизнинг бошларидан то XII-XIV асрларгача бўлган даврга тегишли кулолчилик идишлари қолдиқларини учратиши мумкин. Лекин ушбу ҳудудларнинг кўпчилиги шоли майдонларига айлантириб юборилган.

4.jpg

— Ўрта аср араб ёзма манбаларида Миздақхон (Ҳозирги Хўжайли тумани маркази) ўзининг ҳудуди ва аҳоли сони бўйича Қият ва Гурганждан (Қўҳна Урганч) сўнгги Жанубий Орол бўйидаги учинчи шаҳар экани қайд этилади. Миздақхон ҳудудида 1200 овул-шаҳар бўлган, – дейди Ғ.Хўжаниёзов – Бизнингча, шулардан бири ҳозирги Тахиатош тумани ҳудудида бўлган бўлса керак. Чунки, Тахиатош шаҳри қадимий шаҳар қурилишига эга бўлган ҳудудда барпо этилган. Унга 2000 йили шаҳар ҳудудидан топилган (Кетмончи бобо мозори) эрамизнинг II-IV, VII-IX, X-XIV асрларига оид буюмлар мисол бўла олади. 2012 йили тоғ бошидаги Кетмончи-2 мозори қошидан ўрта асрларга оид минора қолдиқлари ҳам аниқланган эди.

Тарихий манбалардан ўрта асрлардаги халқаро карвон йўлининг бир қисми Бухоро – Варахша – Қизилқум – Шорахан (Тўрткўл) – Кат (Шоббоз-Беруний) – Нузкат – Вайхан – Нуқбоғ – Миздақхон (Хўжайли) – Гурганж (Қўҳна Урганч) йўналишида ўлкамиз ҳудудидан ўтгани маълум. Бизнинг фикримизча, Нуқбоғ (Тоза боғ) Тахиатош тумани ҳудудига тўғри келиши мумкин. Албатта, буни ҳали вақт кўрсатади.

Қадимий сирларни асрлар бўйи қўйнида сақлаб келган Тахиатошда махсус археологик амалиётлар келгуси йилларда қайта давом этади.

Эслатиб ўтамиз, Тахиатош тумани ҳудудидан XII-XIII асрларга оид буюмлар қолдиғи топилганлиги ҳақида аввал ҳам сайтимиз орқали хабар бергандик. Энди Тахиатошнинг ёши фақат 1000 йилликлар билан эмас, балки 2000 йил ва ундан ҳам узоғироқ вақтлар билан ўлчанади.

 

Есимқан ҚАНААТОВ, Қорақалпоғистон ахборот агентлиги директори