Юртимизда бўлиб ўтаётган Беларусь Республикаси маданият кунлари доирасида пойтахтимиздаги «Туркистон» саройида мазкур давлатнинг санъат усталари иштирокида концерт бўлиб ўтди. Беларусь халқи маданияти, бугунги куни, табиати, анъана ва урф-одатлари, меъморий обидалари акс этган фотокўргазма ташкил этилди.
Ўзбекистон Республикаси ва Беларусь Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига бу йил 25 йил тўлади. Юксак савияда ва байрамона руҳда ташкил этилаётган беларусь маданияти кунлари ҳам ушбу сана арафасида ўтказилаётганида ўзига хос рамзий маъно бор. Зеро, ўтган йиллар мобайнида икки давлат ўртасидаги иқтисодий, савдо, ишлаб чиқариш соҳалари билан бирга маданият, таълим, илм-фан йўналишидаги ҳамкорлик ҳам янада равнақ топиб, янги поғонага кўтарилди.
– Юртингизда маданият ва санъат ривожига кўрсатилаётган эътибор, халқингизнинг санъатни ғоят қадрлаши тадбирлар давомида яққол намоён бўлди, – дейди Беларусь Республикаси халқ артисти, «Сябри» ансамбли бадиий раҳбари Анатолий Ярмоленко. – Концертда томошабинларнинг бизга жўр бўлиб куйлаши, ҳар бир мусиқий чиқишни катта олқиш билан кутиб олиши барчамизни ғоят тўлқинлантирди. Бизнинг юртда Фаррух Зокиров ҳамда «Ялла» ансамблининг ижодини юксак қадрлашади. Бундай тадбирлар дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Санъат, дўстлик кечасига айланган концертда беларусь халқ мусиқа, рақс санъати намуналари томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.