Бирлашган Миллатлар Ташкилоти болалар ва қуролли низолар бўйича махсус вакили Виржиния Гамба 9 май куни Украинага борди. 13 майгача давом этадиган ташриф давомида у ҳарбий амалиётнинг украиналик болалар учун оқибатини ўрганади. Бу ҳақда Нью-Йоркдаги брифингда БМТ матбуот котиби ўринбосари Фархон Ҳақ маълум қилди. Қайд этилишича, махсус вакил Украина ҳукумати билан болаларни ҳимоя қилишни кучайтириш ва уларга нисбатан қўпол ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш чораларини муҳокама қилмоқчи.
Мазкур тадбир БМТ Бош котиби талабига мувофиқ амалга оширилмоқда. Дунё бўйлаб қуролли низолардан азият чеккан болалар аҳволи тўғрисидаги сўнгги ҳисоботида БМТ раҳбари махсус вакилига болаларни ҳимоя қилиш, жумладан, кескин можароларнинг олдини олиш бўйича тезкор чоралар кўриш, хусусан, Украинадаги зиддият томонлари билан мулоқотга киришишни сўраган.
Виржиния Гамба ҳукумат вакиллари ҳамда БМТнинг Украинадаги ходимлари билан учрашади. Апрель ойи бошида тақдим этилган маълумотга кўра, мамлакатда ўтган йил февраль ойидан буён камида 501 бола ҳалок бўлган, мингга яқин ўғил-қиз жароҳатланган. Бу БМТ Инсон ҳуқуқлари бошқармаси томонидан тасдиқланган рақам. Ҳақиқий статистика, БМТ қайта-қайта таъкидлаганидек, бошқача бўлиши ҳам мумкин.
ЎзА