Қорақалпоғистон Республикаси Тахиатош туманидаги кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, уруш ва меҳнат фахрийлари учун санаторийси янги биноси фойдаланишга топширилди.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда уруш ва меҳнат фахрийлари, кекса авлод вакилларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг саломатлигини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталишди.

Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 22 январдаги “2022-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори асосида Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудида ҳам қатор ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилма объектларида қурилиш ҳамда реконструкция ишлари олиб борилмоқда. Шу жумладан, мазкур санаторияда умумий қиймати 6 миллиард 650 миллион сўмлик қурилиш ҳамда реконструкция ишлари олиб борилди. Натижада, муассасанинг хизмат кўрсатиш қуввати 125 нафар кишига етказилди.

Санатория янги замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Жумладан, комплекс физиотерапик BTL аппарати, сув билан даволаш қурилмалари, электро-, ультратовуш, лазерли ҳамда магнитотерапия аппаратлари ва яна бошқа инсон саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи асбоб-ускуналар билан таъминланди.

Тадбир иштирокчилари янги бинода даволанувчилар учун яратилган шароитлар билан танишди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, ЎзА