Жаҳон банкининг “Digital CASA” лойиҳаси Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларини ягона ахборот маконига бирлаштирадиган трансчегаравий кенг полосали телекоммуникация тармоғини яратишга қаратилган.
Жаҳон банкининг Транспорт ва рақамли тараққиёт бўйича глобал амалиёти директори Франц Дриз-Гросс бошчилигидаги делегация аъзолари “Digital CASA” лойиҳасини муҳокама қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида бўлди.
Учрашувда халқаро молия ташкилоти экспертлари ва вазирлик мутахассислари рақамли инфратузилма, “Электрон ҳукумат” тизими ва рақамли иқтисодиёт каби таркибий қисмлардан иборат “Digital CASA” лойиҳасини мамлакатимизда амалга оширишнинг ўзига хос жиҳатлари юзасидан фикр алмашди.
Меҳмонлар юртимизда АКТ, телекоммуникация инфратузилмаси, мобиль алоқа, интернет тармоғига кенг полосали уланишни ривожлантириш, маҳаллий аҳоли учун интернет-трафик нархларини пасайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан таништирилди.
Жаҳон банкининг “Digital CASA” лойиҳаси Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатларини ягона ахборот маконига бирлаштирадиган трансчегаравий кенг полосали телекоммуникация тармоғини яратишга қаратилган. “Digital CASA” лойиҳасининг пировард мақсади минтақа давлатларининг иқтисодиётини юксалтириш, давлат хизматлари кўрсатишни яхшилаш ва янги иш ўринлари яратишга кўмаклашишдан иборат. Мазкур стратегик мақсадларга эришиш йўлида “Digital CASA” минтақавий дастури интернет тармоғига кенг полосали уланиш, рақамли технологияларни ривожлантириш учун хусусий инвестицияларни бирлаштириш ҳамда лойиҳада иштирок этаётган мамлакатлар ҳукуматининг электрон хизматлар кўрсатишга доир салоҳиятини оширишга хизмат қилади.
Учрашув якунида томонлар лойиҳани амалга ошириш бўича ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли шаклларини ишлаб чиқиш бўйича фикр алмашишни давом эттиришга келишиб олдилар.