Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида жорий йилда ёш оилалар, уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож фуқаролар учун 450 хонадондан иборат ўнта кўп қаватли уй-жой қурилиши белгиланган.

Бу уй-жойлар бугунги кун талаблари асосида энергия тежамкор технологиялар, замонавий қурилиш материаллари ва конструкцияларини қўллаган ҳолда барпо этилади.

Ушбу кўп қаватли арзон уйлар қурилиши Президентимизнинг 2017 йил 13 январдаги “2017-2020 йилларда шаҳарларда арзон кўп квартирали уйларни қуриш ва реконструкция қилиш дастурини самарали амалга ошириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда.

Уйларнинг умумий баҳосидан бошланғич тўлови биринчи қават учун 35 фоиз, иккинчи қават учун 40 фоиз, учинчи қават учун 30 фоиз, тўртинчи қават учун 25 фоиз, бешинчи қават учун 20 фоиз миқдорида белгиланган.

“Ипотека банк”, “Ўзсаноатқурилишбанк” ва “Асака банк”нинг имтиёзли ипотека кредитлари ҳисобидан қуриладиган ушбу уйларни сотиб олиш учун қарз оладиганларга ипотека кредитлари 20 йил муддатга, шундан 5 йиллик имтиёзли давр билан берилади.

 

Анвар Насирлаев, ЎзА