Туркиянинг биринчи “IMECE” юқори аниқликдаги кузатув сунъий йўлдоши 11 апрель куни орбитага чиқарилади.

“Туркия ривожланиш имконияти ва технологиясини таъминлаган ҳолда тайёрланган кадрлар орқали глобал фазовий пойгадаги иштирокини давом эттиради”, — деб ёзган ушбу давлат раҳбари ижтимоий тармоқ орқали. Ахборотга сунъий йўлдош хусусияти акс этган сурат ҳам илова қилинган.

“IMECE” Туркия фазо технологиялари тадқиқот институти муҳандислари томонидан яратилган.

Маълумотга кўра, сунъий йўлдош учирилиши муносабати билан 11 апрель куни институт ҳудудида ташкил этиладиган махсус маросим иштирокчиларига Президентнинг видео мурожаати йўлланади. Туркиянинг чет эл сунъий йўлдош технологиясига қарамлигини бартараф этишга қаратилган мазкур воқеа “Space X” томонидан маҳаллий вақт билан соат 09.50 да амалга оширилади.

“IMECE” лойиҳасини амалга ошириш 2017 йил Мудофаа вазирлиги ва Мудофаа саноати бошқармаси билан келишилган ҳолда бошланган. Айни жараёнда эришилган натижалар кейинги авлод платформаларини яратиш учун асос бўлади.

Орбитада синовдан ўтказилгач, оғирлиги 700 кг, ўлчами 2х3.1 метрли қурилма Ҳарбий ҳаво кучлари қўмондонлиги ихтиёрига берилади. Йўлдош бир вақтнинг ўзида узунлиги 1000 км, эни 16.73 км майдонни суратга олиш, секундига 320 мегабайт умумий маълумотни узатиш даражасида ер ости станциясига сурат юклаш имконига эга.

ЎзА