Корея Республикаси ҳарбийлари мамлакатнинг жануби-шарқий қисмида тинч аҳолини ҳимоя қилиш бўйича “Хваран” кенг қамровли машқларини бошлади. Машқлар маҳаллий ҳокимиятлар билан ҳамклорликда бўлиб ўтади, деб хабар тарқатди Yonhap агентлиги Корея Республикаси қуролли кучлари штаб бошлиқлари қўмитаси маълумотларига таяниб.

Машқлар Тэгу шаҳри ва  Кёнсан-Пукто провинциясида беш кун давом этади. “Хваран” машқлари мамлакатнинг яна бешта ҳудудида босқичма-босқич октябрь ойигача олиб борилади, дейилади хабарда.

“Хваран” машқлари аҳолини  ҳарбий ва тинч пайтларда ҳимоя қилишни кўзда тутади. Унда жамоатчилик, маҳаллий ҳокимият, армия, полиция ва тезкор хизмат вакиллари иштирок этади. Ҳарбий машқларнинг ўтказилишидан мақсад хавфсизлик соҳасида “тўлиқ тайёргарлик”ни таъминлаш.

Бу галги машқлар Шимолий Кореянинг ракета-ядровий таҳдиди кучайган бир шароитда бўлиб ўтмоқда. Шундай шароитда фуқаро мудофаасининг ҳаво тревогаси ва хавфсиз жойга кўчиш ҳаракатлари машқ қилинади, шунингдек, ҳукумат ва армиянинг кибертаҳдидларга қарши жавоб қайтариш машқлари ҳам бажарилади. Бундан ташқари, террорчиликка қарши кураш бўйича ҳам машқ қилинади.