Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус коронавирус пандемияси 2023 йил тугашига умид қилаётганини таъкидлади. “Ишончим комилки, бу йилнинг қайсидир нуқтасида биз CОVID-19 халқаро аҳамиятга молик фавқулодда ҳолат ва пандемия сифатида якунланди, деб айта оламиз”, деди у. Гебрейесус, шунингдек, инсоният коронавирус пандемиясидан сабоқ олиши зарурлигини ҳам уқтирди.

2019 йил 31 декабрь куни Хитой ҳукумати ЖССТни мамлакатнинг марказий қисмидаги Ухань шаҳри (Хубей провинцияси)да номаълум пневмония авж олганидан огоҳ қилди. Шу билан бирга дастлабки ҳолатлар қандайдир тарзда маҳаллий денгиз маҳсулотлари бозори билан боғлиқ экани ҳам айтилди. 2020 йил январь ойига келиб Хитойда коронавируснинг янги тури келиб чиқишига номаълум вирусли пневмония эпидемияси сабаб бўлгани расман эълон қилинди. 11 мартда ЖССТ раҳбари янги вирус тарқалиши пандемия хусусиятига эга эканини билдирди. Шу тариқа инсоният икки йил мобайнида коронавирусга қарши кураш олиб борди. Ниҳоят 2023 йил бу офат узил-кесил барҳам топиши айтилмоқда.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади: келажакда янги пандемиялар пайдо бўлиши мумкинми? Афсуски, хавотирга ўрин бор, чамаси. Яқинда АҚШ разведкаси янги пандемия эҳтимолини қайд этди. Огоҳлантириш разведка ҳамжамиятининг мамлакат дуч келиши мумкин бўлган таҳдидлар ҳақидаги йиллик ҳисоботида келтирилган. “Дунё бўйлаб мамлакатлар ҳалокатли янги пандемияга олиб келадиган янги патогенлар пайдо бўлиши ёки киритилиши хавфи остида қолмоқда”, дейилади ҳужжатда.

Коронавирус инфекцияси тарқалиши пандемияга айлангандан буён дунё бўйлаб миллионлаб одамлар қурбон берилди. Икки йилдан кўпроқ вақт ўтса-да, турли мамлакатларда муайян чекловлар қўлланиши давом этяпти. 2021 йил март ойида ЖССТ эълон қилган халқаро экспертлар гуруҳи ҳисоботида Ухандаги лабораториядан вирус сизиб чиқиши «эҳтимоли жуда паст» деб ёзилди. Коронавирус пайдо бўлишининг яна бир сабаб-версияси – ҳайвондан одамга тўғридан-тўғри юқиш экани айтилди. Мутахассислар бу тахминни “мумкиндан эҳтимолгача” фаразлар рўйхатига киритган.

Коронавирус билан боғлиқ ҳозирги вазият жуда хавфли — ЖССТ -  Namanganliklar.uz

Аввалроқ “Уолл Стрит” журналига таяниб, АҚШ Энергетика вазирлиги коронавируснинг лабораториядан сизиб чиқиши пандемия бошланишини белгилади, деган хулосага келгани ҳақида хабар берган эди. Сўнг ФҚБ директори агентлик бу эҳтимолий хулоса кўриб чиқилаётганини айтди. АҚШ Миллий разведка идораси раҳбари Аврил Хейнс мамлакатнинг тегишли идоралари бу борада икки версия – лаборатория синтези ва табиий генезис ўрганилаётгани, аммо мутахассислар биологик қурол назариясига ишонмаслигини таъкидлади. У Сенатдаги тингловда сўзга чиқиб, разведка хизмати ҳали консенсусга эришмагани, бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамлар ҳаётига зомин бўлган пандемиянинг келиб чиқишини аниқлаш давом этаётганини тан олди.

Разведка США узнала о вспышке коронавируса в Ухани ещё в ноябре 2019 года

Шундай қилиб, разведка ҳамжамиятида пандемия биологик қурол ёки генетик муҳандислик натижаси эмас, деган фикр айтилмоқда. Лабораториядан сизиб чиқиш юз берганми… ёки инфекция ҳайвондан табиий равишда юққанми? Бу борада ҳали узил-кесил хулосага келинмади.

— Икки хил назария бор, — дейди Аврил Хейнс.

Шу билан бирга мулозим Хитой коронавирус масаласида тўғри ҳамкорлик қилмагани ҳақиқатни очишга тўсқинлик қилаётганидан афсус билдирди.

Хуллас, коронавирус инсоният тарихидаги салмоқли саҳифани банд қиладиган бўлди. Бинобарин, ушбу “варақ”нинг бир қисми тўлдирилмай қоладиганга ўхшайди. Бу ҳам бўлса, ҳатто, қилни қирқ ёрадиган Америка разведкаси тишиям ўтмаётган жумбоқ – коронавирус қай тарзда пайдо бўлгани билан боғлиқ масала.  Агар шу саволга аниқ жавоб топилса, келгусида рўй бериши эҳтимоли мавжуд пандемияларнинг олдини олиш осон кечиши шубҳасиз.

Афсуски, ҳозирча бу охиргиси эди, инсоният бошқа пандемия кўрмайди, деб ҳеч ким айта олмайди.

С.Раҳимов, ЎзА