Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Жўқорғи Кенгес депутатлари, вазирликлар, ташкилот ва корхоналар, таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, талаба-ёшлар, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Дастлаб Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев тадбир иштирокчиларини Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллиги билан самимий қутлаб,  асосий қонунимизнинг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, халқ фаровонлигини оширишдаги аҳамиятига тўхталди.

Таъкидланганидек, Конституция – бу миллий  ҳуқуқ тизимининг асосини ташкил этиш билан бирга у ижтимоий ҳаётнинг ўлчамларини ўзида жамлаши билан ажралиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини белгилашда муҳим ҳужжат ҳисобланади.

Давлатимизнинг мустақил ривожланиш босқичларига назар ташлар эканмиз, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда юз бераётган ўзгаришлар билан янгиланишлар, ижтимоий-иқтисодий соҳаларда эришилаётган натижалар асосий қонунимиз яратиб берган имкониятларнинг самараси ҳисобланади. Президентимиз ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қабул қилинган қарорлар, Давлат дастурлари ҳаётимизда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон Республикаси халқ ёзувчиси К.Каримов, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети талабаси Д.Эгамбердиев сўзга чиқиб, Оролбўйи аҳолисига кўрсатилаётган алоҳида эътибор ва ғамхўрлиги учун Президентимизга миннатдорчилик билдирди.

Тадбир санъат усталарининг концерт дастури билан якунланди.

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбири